Ташаббускор ёшлар юрт равнақига дахлдор
Сўнгги йилларда мамлакатимизда аҳолининг яшаш шароитларини тубдан яхшилаш, турмуш даражасида сезиларли ижобий ўзгаришларга эришиш борасида изчил чоралар амалга оширилмоқда. Айни шу мақсадда ҳудудларни секторларга бўлиб ишни ташкил этиш тизимининг жорий этилгани эса халқ билан манзилли мулоқотнинг йўлга қўйилишига имкон яратди.
Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 8 январдаги “Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, Наманганда вилоят солиқ бошқармаси ҳамда шаҳар, туман солиқ инспекцияси раҳбари масъул қилиб бириктирилган тўртинчи сектор томонидан жорий йилнинг ўтган даврида ҳудудларда камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш, ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги муаммоларни ҳал этиш, фуқаролар билан очиқ, тўғридан-тўғри мулоқотни кучайтириш, қолаверса, ёшларни тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш борасида салмоқли ишлар қилинди.


Вилоятда тўртинчи сектор ҳудуди бўйича 166 маҳаллада жойлашган 127,9 минг хонадонда 681,7 минг нафар аҳоли истиқомат қилади. Жорий йилнинг аввалида бириктирилган оилаларнинг 14,8 мингтаси, яъни 9,6 фоизи камбағал оилани ташкил қилган бўлиб, ўтган даврда амалга оширилган саъй-ҳаракатлар натижасида 5 минг оила ва 22,1 минг аҳоли камбағалликдан чиқарилиб, бу борадаги кўрсаткич 3,2 фоизга камайди.
– Юртимизда аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш ва қўллаб-қувватлаш ҳамда “Инсон қадри учун” тамойилининг амалдаги ифодаси сифатида жорий этилган “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари” каби ижтимоий дафтарларга киритилган хонадонларда тўртинчи сектор мутасаддилари томонидан тизимли ишлар олиб борилгани ўз самарасини берди, – дейди Наманган вилояти солиқ бошқармаси масъул ходими Улуғбек Иномов. – Уларда асосий эътибор эҳтиёжманд оилаларни камбағалликдан чиқариш ва уларни ишсиз аъзоларини бандлигини таъминлашга қаратилди. Хусусан, “Темир дафтар”га 8 минг 511 оила ва 38 минг 213 нафар фуқаро, хусусан, ёш йигит-қизлар ҳам киритилиб, уларга 11 минг 554 маротаба 11,3 миллиард сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди. Шунингдек, эҳтиёжманд оилаларнинг 12 минг 604 нафари ишга жойлаштирилди.

“Ёшлар дафтари”ни шакллантиришда жорий йилнинг ўтган даврида ёшлар сўровнома асосида хатловдан ўтказилиб, дафтарга киритилган 2 минг 291 ёшдан 1 минг 487 нафарига амалий ёрдам кўрсатилди. Ёшлардан 21 нафарига нодавлат таълим муассасаларида касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитилган, етти нафарига кредит, 26 нафарига деҳқончилик учун ер майдонлари ажратилди. 24 нафарига эса илм-фан, спорт, санъат ва маданият йўналишларида ўқиш харажатлари қопланди.
Ечими топилган масалаларни соҳалар кесимида таҳлил қилганда, уларда асосан иш билан таъминлаш, тадбиркорлик фаолияти учун имтиёзли кредит ва экин майдони ҳамда асбоб-ускуна, меҳнат қуроллари хариди учун субсидия ажратиш, олий ўқув юртларида таҳсил олаётган талабаларнинг контракт тўлови, фан ва чет тилларига ўқитиш, ижтимоий муҳофазага муҳтож, жисмоний имконияти чекланган ёшларга моддий ёрдам кўрсатиш ҳамда даволанишига кўмаклашиш каби мурожаатлар ҳал этилган.

Масалан, Наманган вилояти солиқ бошқармаси бошлиғи Шуҳратали Имомовга Наманган тумани Қирғизқўрғон маҳалласидан 15 нафар, Оқбулоқ маҳалласидан 12 нафар оғир тоифадаги ёшлар бириктирилиб, ўтган даврда улар билан турли тоифаларга ажратилган иш ташкил этилди. Улар орасида хорижий миграциядан қайтиб келганлардан тортиб, безорилик қилишга мойил, мунтазам дарс қолдирувчи, оилавий ажрим ёқасидаги, пробация ҳисобидаги ёшларни учратиш мумкин. Мазкур тоифадагилар билан бирма-бир ўтказилган учрашувларда улар томонидан кўтарилган бешта муаммо юзасидан амалий ёрдам кўрсатилиб, ҳал этилди. Икки кишига экин майдони ажратилгани, бир нафарига фан ва чет тилларини ўқитиш бўйича кўмаклашилгани, аввало, уларни соғлом ҳаёт тарзига йўналтиришда муҳим аҳамият касб этади.

Аҳоли ва ёшларнинг долзарб муаммоларини ҳал этиш, халқ билан мулоқотни узвий таъминлашда оммавий сайёр қабуллар, “Раҳбар ва ёшлар” учрашувлари мунтазам ўтказилиши алоҳида ўрин тутади. Сайёр қабулларда шу йилнинг ўтган даврида 479 та сайёр қабул ташкил этилди. Унда турли хил мазмундаги 2 минг 525 дан ортиқ мурожаат тушиб, шундан, 2055 таси ижобий ҳал этилди. “Раҳбар ва ёшлар” учрашуви доирасида бўлиб ўтган 395 та тадбирда 3 минг 863 нафардан зиёд ёш иштирок этди. Навқирон авлод вакиллари томонидан мазкур мулоқотлар мобайнида 793 мурожаат ўртага ташланиб, шулардан ҳозирга қадар 263 таси ижобий ҳал этилди.
Вилоятнинг барча ҳудудларида ёшлар билан тизимли ишлаш мунтазам амалга ошириб келинмоқда. Келажак бунёдкорлари бўлган ёшлар ҳар соҳада ўз иқтидорларини намойиш этишга қодир. Уларни доимий қўллаш ва рағбатлантириб бориш эса келажакда ўз самарасини беришига шубҳа йўқ.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.