Ташаббускор талаба қизлар форуми
Андижон давлат педагогика институтида “Қизлар қизларга қанот!” шиори остида “Qizlar Fest - 2026” талаба-қизлар ташаббуслари форуми бўлиб ўтди.
Мамлакатимизда талаба қизлар, уларнинг фаоллигини ошириш, ғоя ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, иқтидор ва салоҳиятларини юксалтиришга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда, кўплаб лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси, Андижон давлат педагогика институти, Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда Қизлар академияси ҳамкорлигида ўтказилган “Qizlar Fest - 2026” талаба-қизлар ташаббуслари форуми ҳам ана шу йўналишдаги ўзига хос лойиҳалардан бири бўлди.
Форум талаба-қизларнинг билим ва салоҳиятини ривожлантириш, уларни янги ғоя ва ташаббусларга руҳлантириш, касбий ривожланишига кўмаклашиш, фидойи, ташаббускор ва сардор қизларни рағбатлантириш ҳамда турли соҳаларда муваффақият қозонган хотин-қизлар тажрибасини ёшлар ўртасида кенг тарғиб этишни ўз олдига асосий мақсад қилиб қўйган.


Форумда таълим, илм-фан, ёшлар билан ишлаш, замонавий касблар ва тадбиркорлик йўналишларида муваффақиятли фаолият олиб бораётган хотин-қизлар иштирок этиб, ўзларининг ҳаётий ва касбий тажрибалари билан ўртоқлашди.
Форумда Андижон вилояти “Келажак маркази” директори ўринбосари Хуршида Ўринбоева, “Келажак бунёдкори” медали соҳибаси, ёш олима Камола Одилжонова, Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори Муслима Абдуқаххорова, Ислом Каримов номидаги давлат стипендияси соҳибаси Моҳинур Узоқжонова ҳамда халқаро даражадаги косметолог Мунира Раҳмонова меҳмон сифатида иштирок этиб, форум иштирокчиларига эришган ютуқлари, изланишлари, муваффақиятли фаолияти, берилаётган имкониятлардан қай даражада фойдаланаётганлиги ҳақида гапириб берди, шунингдек, талаба-қизларни ўз устида ишлаш, аниқ мақсад сари интилиш ва жамиятда муносиб ўрин эгаллашга чақирди.

– Юртимизда бугун илм оламан, илмий иш қиламан ва тадбиркорлик билан шуғулланаман, деган қизлар учун кенг имкониятлар эшиги очиб берилган, – дейди Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори Муслима Абдуқаххорова. – Фақат биз ана шу имкониятлардан оқилона фойдалана билишимиз лозим. Бунинг учун фаол, кўп ўқишимиз, доимий изланишимиз керак бўлади. Ўз олдимизга аниқ мақсад қўйиб, ана шу мақсад йўлида қатъий бўлсак, албатта, мақсадларимизга эришамиз. Ана шу ҳаракатимиз, фаолиятимиз билан нафақат жамиятда муносиб ўрин топамиз, балки юртимиз равнақига муносиб ҳисса қўшамиз.
Самимий мулоқотлар давомида форум меҳмонлари талаба қизларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар қайтарди, турли йўналишлардаги ташаббусларни амалга ошириш юзасидан таклиф ва тавсиялар берди.


“Қизлар қизларга қанот!” шиори остида ташкил этилган ушбу форум талаба-қизларнинг ўзаро тажриба алмашиши, янги ташаббусларни илгари суриши ва турли соҳаларда муваффақиятли фаолият юритаётган аёллар, қизлар билан бевосита мулоқот қилиш майдонига айланди.
Фахриддин Убайдуллаев,
ЎзА мухбири