Таржима санъати мактабини яратган устоз
Адабиёт мухлислари Ғайбулла Саломовни (Ғайбулла ас-Салом) бадиий таржима бўйича ўзига хос мактаб яратган ижодкор сифатида доим катта эҳтиром билан ёдга олади.
Устоз ижодкор 1932 йил 11 декабрь куни Навоий вилоятининг Хатирчи туманида таваллуд топган.
Адабиёт фидойисини шогирдлари таржимашунос олим, публицист сифатидаги фаолиятини бугунги кунда ҳам изчил татқиқ этиб келмоқда.
Ғайбулла Саломов Самарқанд давлат университетининг Филология факультетини тугатган эди (1956). Кейинчалик "Фан ва турмуш" журналида бўлим мудири, Ўзбекистон Фанлар академияси Тил ва адабиёт институтида аспирант, илмий ходим, директор ўринбосари (1956—1967) сифатида меҳнат қилди.
"Ўзбек энциклопедияси" нашриётида Бош муҳаррир ўринбосари (1967—1969), Тошкент давлат университети таржима назарияси кафедраси мудири (1969 йилдан) бўлиб ишлади. Олим Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясида профессор (1997—2000) бўлиб фаолият юритди.
Ғайбулла Саломовнинг илмий фаолияти бадиий таржимашунослик, маънавият, маърифат ва маданият масалаларига бағишлангани билан аҳамиятли.
Ғайбулла Саломов "Мақол ва идиомалар таржимаси" (1961), "Тил ва таржима" (1966), "Таржима назариясига кириш" (1978), "Дўстлик кўприклари" (1970, Н.Комилов билан ҳамкорликда), "Адабий анъана ва бадиий таржима" (1980), "Таржима назарияси асослари" (1983) каби китоблар муаллифидир.
Ғайбулла Саломов шахсияти, ижодга, ишга масъулият билан муносабати, миллий адабиётимизга содиқлиги, шогирдпарварлиги, теран маънавияти, билимдонлиги билан бугун ҳам ёшларга ибрат бўлишга арзигуликдир.
Н.Усмонова,
ЎзА