Тартибга солиш таъсирини баҳолаш – қонунчиликдаги камчиликларни аниқлаш ва таҳлил қилиш тизими
Адлия вазирлигида “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ва қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг тартибга солиш таъсирини баҳолаш” мавзусида семинар ўтказилди.
Қонунчиликни таҳлил қилиш ва тартибга солиш таъсирини баҳолаш институти ҳамда Адлия вазирлигининг Қонунчиликни тизимлаштириш ва тартибга солиш таъсирини баҳолаш бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда вазирлик ва идораларнинг масъул ходимлари иштирок этди.
Айтиб ўтиш керакки, тартибга солиш таъсирини баҳолаш – бу норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ёки амалдаги қонунчилик ҳужжатлари қабул қилиниши натижасида юзага келиши мумкин бўлган иқтисодий, ижтимоий ва экологик оқибатларни олдиндан аниқлаш ва таҳлил қилиш тизимидир. Бу тизим Ўзбекистонда давлат томонидан тадбиркорлик ва фуқаролар фаолиятига ортиқча тўсиқлар қўйилишининг олдини олиш, бюрократияни камайтириш ва қабул қилинаётган қонунлар самарадорлигини ошириш мақсадида жорий этилган.

Тадбирда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда тартибга солиш таъсирини баҳолашнинг аҳамияти, мазкур жараённи амалга ошириш тартиби ҳамда қабул қилинган ҳужжатларнинг амалий самарадорлигини баҳолаш масалалари муҳокама қилинди.

Тартибга солишнинг муқобил вариантларини аниқлаш, унинг тадбиркорлик субъектлари ва фуқароларга таъсирини баҳолаш, мавжуд тартибга солиш чораларининг самарадорлигини таҳлил қилиш ҳамда амалиётда учраётган муаммоларни бартараф этиш бўйича фикр ва тажрибалар алмашилди.
Иштирокчиларнинг тартибга солиш таъсирини баҳолаш соҳасидаги билим ва амалий кўникмаларини янада мустаҳкамлашга қаратилган савол-жавоб ва муҳокамалар ўтказилди.
Н.Абдураимова, ЎзА