Тарозининг қайси палласидамиз?
Охирги пайтларда давлат органларидан ахборот олиш бирмунча осонлашгани, очиқлиқ сиёсати амалда қўлланилаётганлиги қувонарли ҳол.
Охирги пайтларда давлат органларидан ахборот олиш бирмунча осонлашгани, очиқлиқ сиёсати амалда қўлланилаётганлиги қувонарли ҳол.
Албатта, демократик жамиятда давлат халқ билан ҳисоблашиши зарур.
Ҳар яхшининг бир аммоси, ҳар ёмоннинг бир “лекин”и бўлганидек, бу “очиқлик” аслида нималарга олиб келмоқда?!
Ижтимоий тармоқлар кузатувчи сифатида айтишим мумкинки, бугун қайси “шўрпешона амалдор, қовун туширар экан”, деб кутиб ўтиргандекмиз. Ўз-ўзидан ахборот истеъмоли маданиятимизни ҳам кўрсатмоқдамиз. Ҳа, қишда ўйимизда “тезак” ёқиб, отамиз тенги инсон арава тортганида биз медиа-маданият ҳақида гапиришимиз қийиндир балки.
Аммо... биз ўзимизга ўзимиз ёрдам бермасак, четдан келиб ҳечким қўлламайди. Балки томошабинга айланади, холос.
Бўлаётган жараёнларда одамлар тўрт томонга бўлинишган. Биринчиси гапиради ва ўйламай “қовун туширади”, иккинчиси асосли танқид қилиб, танқидини исботлаб беради, учинчи томон, ўша танқиддан иғво тарқатади, тўртинчиси эса жим кузатади.
Журналистика факультетида ўқишни бошлаганимнинг дастлабки кунларида устозимиз бизга: “Журналистлар тарозининг икки палласида туришади, бир томони халқ, бир томони давлат. Тенгликни сақлаш уларнинг қўлида. Бир томонга ён босган вақтда, мувозанат бузилиб, объективлик йўқолади. Икки томонга кўприк бўлишади”, деган эди.
Журналистлар, шунингдек, блоггерлар тарозининг қайси палласида?! Президентимиз бизга берган ваколат ва ишончдан қанчалик тўғри фойдаланяпмиз?! Албатта, муаммолар асосли эканлигини исботи билан кўрсатиб, объективликни сақлаб қолаётган журналист ва блоггерлар фаолиятини кузатишимиз мумкин. Аммо, тармоқда ўша амалдор айтган гапнинг бир қаторидан катта муаммо ясаб, ишчанликка таъсир этиб, обрўсизлантираётганлар йўқ эмас.
АХБОРОТНИНГ ҚУРБОНИ БЎЛАЯПМИЗ
XXI аср ахборот асри деб бонг урдик, ахборот бизнинг қўлимизда бўлар экан деб хурсанд бўлдик, аммо, афсуски ахборотни бошқариш имкони йўқ. Ахборотнинг қурбони бўлаяпмиз, холос.
Биз ҳақли тарзда, ўзимиз сайлаган депутатларимизнинг иш фаолиятини танқид қилишга ҳаққимиз бор. Бекорга уларни халқ вакили дейишмайди. Минбардаги амалдорнинг иш фаолиятини кузатишимиз, унга баҳо беришимиз, ўринли танқид қилишимиз, бу фуқаролик позициямизни билдиради. Аммо... шахсиятга ўтиш бизнинг ишимиз эмас!
Бизга билдирилган ишонч аслида муаммоларни борлигича олиб чиқиш (бўрттирмай), халқимизнинг турмуш-тарзини яхшилаш мақсадида ўша амалдорларга, депутатларимизга ҳар томонлама ёрдам бериш эмасми?! Лекин охирги пайтларда ишимиз ғийбат ва иғво тарқатишдан иборат бўлиб қолмаяптими?!
Хўш, биз танқид қилган инсонларни энг узоғи билан ишдан бўшатишар, аммо муаммолар ўша-ўша бўлиб қолаверади. Чунки янги келган “курси эгаси”га ҳам шундай муносабат кўрсатамиз.
Чиндан-да, жипслик, халқимизнинг шароитини яхшилаш бўйича таклиф бергандан кўра, “курси эгаси”нинг бир қатор гапини олиб, уни, сарлавҳага чиқариб, танқид қилиш осон.
О. Ортиқалиев, ҳуқуқшунос: – Ўзбекистон Республикасининг “Оммавий ахборот воситалари орқали фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматини ёки ишчанлик обрўсини таҳқирлаш, шахсий ҳаётига аралашиш тақиқланади” дейилган.
“Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги кодекснинг 41-моддасига кўра, “Ҳақорат қилиш, яъни шахснинг қадр-қимматини қасддан камситиш – энг кам иш ҳақининг 20 бароваридан 40 баробаригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади” деб кўрсатилган.
Ҳечкимнинг инсон шахсиятига аралашишга ҳаққи йўқ. Инсон ҳуқуқлари қонун билан ҳимояланади.
Ижтимоий тармоқда айрим гуруҳлар бор. Уларнинг фаолиятини бевосита кузата туриб, шунга амин бўлдикки, улар танқид қилиш эмас, балки иғво, фитна ва шахсий адоват туфайли, постлар ёзиб, кузатувчиларни ҳам ўзи иғво тарқатган ташкилотга аламзадалик ҳиссини уйғотишга сабабчи бўлмоқда.
Инсонларда нафрат туйғусини уйғотиш жуда осон. Айтинг, қайси биримиз, танқид қилаётган ташкилотларимизнинг иш жараёни билан қизиқдик. Ҳақиқатки, улар “абсолютно” қизиқ эмас. Балки ташкилот ичида тизимли муаммолар бордир, уни ОАВ юзига олиб чиқиб, ўринли таклифлар бериш керакдир. Йўқ, бу ўша ташкилотнинг муаммоси, тўғрими?! Афсуски, шундай ўйлашга ўрганиб қолганмиз. Жипслик, ҳамжиҳатлик тушунчалари эса...
“Facebook” ижтимоий тармоғини кузатиб, шундай хулосага келишимиз мумкин, қайсидир ташкилот бизга ёрдам бермаса, у биринчи душманимизга айланади ва у ҳақида фикрларимиз салбий бўлади. Айниқса, нодавлат, нотижорат ташкилотлари билан суҳбатда бўлганимизда, кўпинча шунга гувоҳ бўламиз.
– Фуқаролик жамияти институти сифатида мамлакат ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва маданий ҳаётидаги умуммиллий дастурларда ижтимоий шерик сифатида тўлақонли иштирок этиб келмоқдамиз, – дейди М.Н (исм-шарифи ошкор этилмади). – Учинчи сектор вакили бўлганимиз учун, тижорий томондан ўзимизни-ўзимиз таъминлашга тўғри келади. Қўлимиздан келганича, халқимиз фаровонлигини таъминлашда ҳисса қўшиб келяпмиз. Аммо айрим вақтларда ижтимоий тармоқларни кузатиб, биздан ёрдам сўраган, аммо ташкилотимиз ёрдам беролмаган шахслар турли бўҳтон гаплар тарқатиб, амалий ишларимизни йўққа чиқармоқдалар. Масалан, Сурхондарё вилоятида яшовчи фуқаро Р.Т мурожаат қилган. Фарзанди шартнома бўйича таҳсил олади.Мурожаатда келтирилишича, фарзандининг шартнома пулини тўлаб беришимизни сўраган. Оилавий шароитини ўргандик, (аслида ташкилотимиз ижтимоий кўмак билан шуғулланмайди) бунга эҳтиёж йўқ. Аммо ўғлига иш топишда ёрдамлашдик. Бунга кўнишмади. Натижада ижтимоий тармоқлардаги гуруҳлар орқали турли йўллар билан ташкилотимизга туҳмат тошларини отди.
Президентимиз инсонларни боқимандалик кайфиятидан чиқариш учун изчил ислоҳотларни жорий этмоқда. Ёрдамга муҳтож инсонга бекорга “Балиқ берманг, балиқ тутишни ўргатинг”, дейишмаган.
Ҳа, афсуски, холисликни таъминлаш ва ҳақиқатни юзага чиқариш, осонликча бўлмайди. Биз ҳақиқат деб билган нарса балки акси бўлиши мумкин.
Албатта, ижтимоий тармоқларда ҳамма ўз фикрини билдиришга ҳақли, аммо туҳмат қилишга, шахсни обрўсизлантиришга ҳаққимиз йўқ. Сўз эркинлиги бўлганлиги жуда яхши, лекин бу ҳамма нарса ҳақида истагандек айтиш мумкин дегани эмас. Биз танқид қилаётган амалдор-у, депутатларимизнинг оиласи, маҳалла-кўйи, дўст-у қариндошлари бор. Шахсиятга аралашиш, яхшиликка олиб келмаган.
Бугун ижтимоий тармоқларда юртдошларимизнинг турли баҳс-мунозараларга киришган “жангларини” кузатган бошқа миллат вакиллари тилимизни тушуниб, ёзганларимизни англаса борми, миллат сифатида кулгиу ва уятга қолишимиз тайин.
“Эс борида этакни ёпмоқ лозим...” дея бежизга айтишмаган. Бугун ўзимизни назорат қилмасак, ижтимоий тармоқларда ёзишдан аввал ўйлаб кўрмасак, миллат сифатида бирлашиб ривожланиш учун бир-биримизни қўлламасак... эртага кеч бўлиши тайин.
Ҳа, танқид қилиш, муҳокама қилиш осон бўлди. Биздан ҳечким қолмади: депутатлар, ҳокимлар, ҳоким ўрибосарлари, турли ташкилотлар, энди навбат кимга?!
Қаҳрамон Шерматов,
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини
ҳимоя қилиш жамиятлари Федерация бош мутахассиси