Тарихий шахслар образларидан ноўрин фойдаланган дори рекламаси учун жарима қўлланилди
Ижтимоий тармоқларда тарқатилган дори воситаси рекламасида тарихий шахслар образларидан ахлоқ ва маънавият нормаларига зид тарзда фойдаланилгани учун “NIKA PHARM” МЧЖга нисбатан молиявий жарима қўлланилди.
Маълум бўлишича, компания томонидан “Rinoksil Formula+” дори воситаси рекламасида буюк саркарда Амир Темур, мутафаккир ва шоир Алишер Навоий, табиб олим Ибн Сино, давлат арбоблари Жорж Вашингтон ва Наполеон Бонапарт, шунингдек Юлий Цезар каби тарихий шахсларнинг образлари қўлланилган. Рекламада мазкур шахслар гўё ушбу дори воситасидан фойдалангани ҳақидаги мазмундаги тасвирлар намойиш этилган.
Мутахассислар таъкидлашича, халқлар тарихида ўчмас из қолдирган буюк шахслар образларидан тижорат мақсадларида бундай шаклда фойдаланиш улар хотирасига ҳурматсизлик сифатида баҳоланиши мумкин.
Ўзбекистон Республикасининг “Реклама тўғрисида”ги қонуни 16-моддасига кўра, рекламада миллий ва оилавий анъаналарга, шунингдек ахлоқ ва маънавиятнинг умумэътироф этилган нормаларига зид бўлган шакллар, иборалар ҳамда образлардан фойдаланиш тақиқланган.
Аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан ваколатли орган томонидан иш қўзғатилиб, кўриб чиқиш натижасида “NIKA PHARM” МЧЖга нисбатан белгиланган тартибда молиявий жарима қўллаш тўғрисида қарор қабул қилинди. Шунингдек, қонунбузилишларни бартараф этиш ва келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймаслик бўйича мажбурий кўрсатмалар берилди.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА