
Бир вақтда ўтмиш қўнғироғи, бугуннинг шитоби, келажак чорлови ҳамда борлиқнинг сеҳрини ҳис қилиш одамни шошириб қўяди. Самарқанддаги халқаро туризм марказида ташкил этилган “Замонлар садоси” кўргазмаси кишига, ҳеч муболағасиз, шу ҳисни беради.
Бу кўргазма павилонида бугун Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедовлар бўлди.
Меҳмонларда кўргазманинг ҳар бир манзараси катта таассурот қолдирди. Юлдузли осмонда буржлар, Мирзо Улуғбек харитаси ва меридианлар намоён бўлгани ҳайратланарли эди. Бу жараённи ўз кўзлари билан кўрган киши Буюк Ипак йўли бўйлаб ҳаракатланаётган карвон каби қум тепаликлар орасидан ўтади. Йўл-йўлакай етти босқичда инсоният цивилизациясининг ривожланиш босқичлари бўй кўрсатади.
Минг марта эшитгандан бир марта кўрганни афзал билишимиз бежиз эмас. Эҳтимол бу кўргазмани кўриш учун Самарқандга йўлингиз тушар, шундай бўлсада, уни яна бироз изоҳлашга ҳаракат қиламиз. Якнда бир-биридан бетакрор суратлардан улашамиз.
[gallery-22998]
Ўзбек ва туркман санъаткорлари ижросида куйлар чалиниб турса, Алишер Навоий ва Махтумқули ғазаллари ўқилаётган бўлса... Бу ҳолатни тарифлаб бўладими?!
Буларнинг барчаси инновацион тақдимот – лазер нурлари, 3D мепинг, махсус эффектлар билан уйғун. Сеҳрли жилолар ва театрлаштирилган саҳналар сизда катта таассурот қолдиради.
Кўргазма майдони катталиги тўрт минг квадрат метр эканлигини билганингиздан кейин қандай йирик лойиҳа ҳақида гап бораётгани янада ойдинлашади.
Қум барханлари, ўтов, бахшининг ноласи, сўзана, гилам... икки халқнинг бир замонлар ягона караван йўлидан борганини ёдга солади. Гўё ҳозирги замондагидек биродарлик нафаси сезилади.
Халқларни бир-бирига яқинлаштириш учун қанча йўл, қанча кўприклар зарур бўладиган бугунги даврда мана шунда шундай экспозициялар ҳам катта наф беришини ўйлаб қоласан киши.
Тарихи ва қадриятлари бир бирига яқин мамлакатлар келажакни қуришда ҳам ҳамфикр бўлса натижа юксак бўлади дегандай бўлади кўргазма экспонатлари.
Икром АВВАЛБОЕВ, Рустам НАЗАРМАТОВ(сурат), ЎзА мухбирлари