Тарих, бугун ва келажакни боғловчи маскан
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида мамлакатимизда аккредитациядан ўтган хорижий элчихоналар, халқаро ташкилотлар раҳбарлари,Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик миссиялари вакиллари учун йиғилиш ўтказилди.
Мазкур учрашувдан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозициясини бойитиш, такомиллаштириш ва хорижий ҳамкорларни жалб этишдан иборатдир.
Йиғилиш аввалида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази фаолиятига бағишланган ҳужжатли фильм намойиш этилди.
Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Баҳромжон Аълоев давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 29 январь куни ушбу марказга ташрифи наинки юртимизнинг илмий жамоатчилиги, балки халқаро миқёсдаги ҳамкорликни кенгайтириши билан бирга мазкур муаззам маърифий масканнинг муҳим ижодий платформага айлантиришга муҳим туртки бўлганини таъкидлади. Айни пайтда ушбу марказ тарих, бугун ва келажак ўртасидаги улкан маънавий кўприк вазифасини ўташи билан ҳам диққатга сазовор.
[gallery-22276]
- Мажмуа улкан ва бебаҳо лойиҳадир, – деди ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Б.Аълоев. – Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2018 йилда унга тамал тошини қўйган эди. Ўхшаши йўқ ушбу маърифий лойиҳа халқимизга ва дунё жамоатчилигига ислом динининг моҳиятини тўғри етказишда алоҳида аҳамият касб этади. Тинчлик, тотувлик, хокисорлик, аҳиллик дини бўлган ислом динининг аҳамияти, тарихини холис ва ҳаққоний тушунтиришда бу макразнинг аҳамияти ғоят беқиёс.
Йиғилишда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист мазкур марказнинг янги экспозицияси, маъно-мазмуни бинонинг муаззам қиёфасига ҳамоҳанг, уйғун бўлмоғи кераклигини алоҳида таъкидлади.
- Президентимиз мазкур марказни барпо этишга оид ғояни бундан бир неча йиллар аввал БМТ минбаридан туриб эълон қилган эдилар, – деди Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов. – Бундан олти ой илгари марказимизнинг янгиланган концепцияси устида мамлакатимиз ва хорижлик олимлар, энг кўзга кўринган мутахассислар, дин ва маданият арбоблари, экспертлар, маърифий жамоатчилик иш бошлаб юборди. Зеро, ушбу бинонинг ички таркиби, мазмун-моҳияти унинг ташқи салобатига мос бўлмоғи керак. Давлатимиз раҳбарининг ғояси ва ташаббуси асосида бошланиб кетган эзгу маърифий изланишлар бугунги кунда жаҳон илмий жамоатчилигида катта қизиқиш ва эътибор уйғотмоқда.
Шуни ҳам айтиш керакки, жорий йилнинг 11 март куни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Васийлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтган эди. Унда марказ экспозициясини бойитиш, илмий-инновацион лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда ушбу муаззам даргоҳнинг ижтимоий-маърифий ва илмий-амалий маскан сифатида такомиллаштириш масалалари муҳокама этилиб, Васийлик кенгаши томонидан 9 та йўналиш бўйича кичик ишчи гуруҳлари тасдиқланди.
Йиғилиш давомида марказ экспозициясини янада бойитиш бўйича фикрлар билдирилди.
Мулоқот доирасида тадбир иштирокчилари учун мазкур марказ бўйлаб таништирув экскурсияси, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозициясини янада бойитиш бўйича лойиҳалар тақдимоти ўтказилди.
- Президент Шавкат Мирзиёев ташаббусига кўра асос солинган марказ ислом тадқиқотларини ўрганишда катта аҳамият касб этади, - деди БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори Сабине Маҳл. – Дарҳақиқат, ушбу маскан тарих, бугун ва келажак ўртасидаги кўприк бўлиши билан бирга исломнинг маърифий ғояларига оид чуқур тадқиқотлар олиб бориш учун катта имкониятдир.
- Ислом цивилизацияси маркази менда жуда катта таассурот қолдирди, - деди Покистоннинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Аҳмад Фарук. - Мамлакатларимиз исломга оид бой маданий, маънавий меросга эга. Бу борада ҳамкорлигимиз кутилган ижобий натижаларни бериши шубҳасиз. Марказдаги Қуръон зали, ундаги экспонатлар, айниқса, Усмонли Қуръони менда жуда катта таассурот қолдирди.
– Бу улуғвор маскан одамларни ҳайратга ва ҳаяжонга солади, - деди Озарбайжоннинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ҳусайн Гулиев.
– Марказдаги экспозиция бутун дунёга ислом динининг асл мазмун-моҳиятини, унинг тинчликпарвар, маърифатли ғояларини тарғиб этишда алоҳида аҳамиятга эга.
Йиғилиш якунида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозициясини янада бойитиш бўйича фикр ва таклифлар ўртага ташланди.
Назокат Усмонова,
Рустам Назарматов (сурат), ЎзА мухбирлари