Тарихий ҳақиқатга холисона ёндашув
Аслида, динни фанга, фанни динга қарама-қарши қўйиш нотўғри.
Самарқанд давлат университети ректори, профессор Р. Холмуродовнинг «Тамаддун дарёси ҳамон оқмоқда равон» сарлавҳали мақоласида илм-фан ва маданиятимиз тарихининг теран илдизларига холисона ёндашилган.
Шўро даврида олий таълим Ўзбекистонда 1918 йили ташкил топган деб (дастлаб бу 1920 йил ташкил топган деб), ҳозирги Ўзбекистон миллий университетини тўнғич олий ўқув юрти сифатида қайд этилди. Бундан, ўзбек халқи асрлар давомида саводсиз бўлиб, 1918 йили совет ҳокимияти туфайлигина университет – олий таълим муассасасига эга бўлган, деган хато қараш келиб чиқар эди.
Худди шунингдек, Самарқанд давлат университети совет ҳокимияти йилларида ташкил топди ва унга қадар бу ҳудудда олий таълим муассасаси бўлмаган, дейиш ҳам тарихни бузиб кўрсатишдан бошқа нарса эмас... Чунки Самарқанд давлат университети деб расман эътироф этилгунига қадар Самарқанд олий таълим мактаби бор бўлиб, буни ҳақли равишда 1420 йилда Мирзо Улуғбекнинг мадрасайи олияси билан боғлаш ҳақиқатга юз тутиш ҳисобланади.
Ректор мақоласида зикр этилганидек, Мирзо Улуғбек мадрасасида нафақат ислом таълимоти, балки аниқ ва табиий, ижтимоий фанлар ҳам чуқур ўқитилган. Аслида, динни фанга, фанни динга қарама-қарши қўйиш нотўғри.
Ҳақиқатан, Европа университетларида ҳам диний ва дунёвий таълимот олиб борилган. Шарқда, хусусан, мадрасаларда берилган билим натижаси ўлароқ, нафақат ислом дунёсида таниқли алломалар, балки аниқ ва табиий фанлар бўйича ҳам ёрқин юлдузлар етишиб чиққан.
Бугунги кунда мустақил Ўзбекистонда олий таълим муассасалари орасида ўз ўрнига эга бўлган Самарқанд давлат университитетининг 18 мингдан ортиқ талабага 900 дан зиёд профессор-ўқитувчилар таълим-тарбия бериб келаётганлиги муҳим аҳамиятга эга. Университет тарихини Мирзо Улуғбек мадрасайи олиясига боғлаш аждодларимизга бўлган эҳтиром, юртимизда азалдан илму фанга эътибор бўлиб келганига тарихий далолат бўла олади.

Абдулла РАСУЛОВ,
Наманган давлат университети профессори, тарих фанлари доктори