Тарихимизнинг хориждаги ҳикоянавислари
Ватанимиз тарихи бой, ўтмиши шонли.
Ватанимиз тарихи бой, ўтмиши шонли. Мозий ҳикоянавислари – қадимий қўлёзмалар, санъат асарлари, осори-атиқалари ҳам шу ҳақда сўзлайди. Бундай ноёб ашёларда тарихимиз ва маданиятимизнинг бизга номаълум қирралари, очилмаган саҳифалари бисёр. Шунинг учун ҳам уларни асраш, тадқиқ этиш бугунни ўтмишга янада яқинлаштиради.
Айни жиҳат Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш маркази томонидан “Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликлар – маданиятимизнинг ажралмас қисми” мавзусида ташкил этилган республика илмий анжуманидаги фикрлар, муҳокамаларда ҳам ўз исботини топди.
Анжуманда чет эллардаги турли музейлар, архивлар ва бошқа илмий маданий муассасаларда сақланаётган Ўзбекистон тарихи, маданиятига оид маданий бойликлар устида олиб борилаётган тадқиқотлар, уларнинг натижалари илмий-тадқиқот ва таълим соҳасидаги етакчи мутахассислар, ёш олимлар эътибор марказида бўлди.
– Марказимиз хорижий давлатларнинг музейлари ва архив фондларида сақланаётган маданий мерос ёдгорликларини аниқлаш ва тадқиқ этиш, уларни имкон қадар мамлакатимизга олиб келиш борасида иш олиб бормоқда, – деди Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш маркази директори, фалсафа фанлари доктори, профессор Роиқ Баҳодиров. – Мақсадимиз халқимиз, хусусан, ёшларимизни ана шу бебаҳо маънавий бойликдан баҳраманд этиш, тарихимиз ва маданиятимизни чуқур ўрганишдан иборат. Ҳозир чет эллардаги Ўзбекистонга оид маданий бойликлар маълумотлар базаси – реестрини яратиш ва уни мунтазам янгилаб бориш бўйича ишлаяпмиз. Тўғри, аввал ҳам бундай реестр тайёрланган, лекин биз унда маълумотлар манбасини кетма-кет жойлаштириш билан чекланаётгандик. Эндиликда фойдаланиш учун янада қулай бўлишини таъминлаш мақсадида янги электрон дастур ишлаб чиқяпмиз. Унда маълумотлар алифбо тартибида, тўлиқ тавсиф ва таърифда жойлаштирилади. Реестр асосида тўпланган қўлёзмаларнинг факсимиле нусхасини ҳам нашр этмоқчимиз. Чет эллардаги маданий муассасалар билан ҳамкорликдаги ишларимиз натижаларини ўзбек, инглиз, рус тилларида чоп этаяпмиз. Бу маънавий бойликларимизни юртимиз, қолаверса, бутун жаҳонга тарғиб қилишда алоҳида ўрин тутмоқда.
Таъкидланишича, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш маркази вакиллари жорий йил сентябрь ойида Туркия Республикасининг Анқара ва Истанбул шаҳарларида бўлди.
Маълум бўлишича, Туркиянинг қатор шаҳарларида Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистондан етишиб чиққан алломалар қаламига мансуб қўлёзма асарлар мавжуд.
Марказ делегацияси Сулаймония ва бошқа қатор кутубхоналарда сақланаётган Абу Абдуллоҳ ал-Хоразмийнинг “Мафотиҳ ал-улум”, ат-Термизийнинг рисолалари ва бошқа қатор қўлёзмаларнинг рангли электрон нусхаларини юртимизга олиб келишга эришди.
Яна бир эътиборга молик катта илмий ва тарихий янгилик: Алишер Навоий ҳаётлиги даврида кўчирилган “Бадоеъ ул-бидоя” девони нусхаси ҳам Ўзбекистонга олиб келинди. Айтиш жоиз, навоийшуносликка шу вақтгача Алишер Навоий тартиб берган дастлабки девон – “Бадоеъ ул-бидоя”нинг шоир ҳаётлиги даврида (1480-1486 йиллар) кўчирилган тўрт нусхаси (Париж, Лондон, Боку ва Тошкент қўлёзмалари) маълум эди.
– Бу қўлёзмалар Туркияга нима сабабдан ва қандай қилиб бориб қолгани, умуман, Навоийнинг Туркияда тутган ўрнини илмий асосда ўрганиш олдимиздаги вазифалардан бири бўлиб турибди, – деди Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш маркази бўлим бошлиғи Афтондил Эркинов. – Аслида дунёнинг деярли барча мамлакатида Ўзбекистоннинг маданий бойликлари бор. Уларни, албатта, ўрганишимиз керак. Бу тарихимизни ҳаққоний ва тўлиқ ёритишда, ўрганишда ниҳоятда муҳим.
Илмий анжуманда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтининг Ёш олимлар кенгаши раиси Ҳилола Назирова Мунис Хоразмийнинг “Тўйнома” маснавийсининг Санкт-Петербург нусхасига оид маълумотларни иштирокчилар эътиборига ҳавола этди. Унинг айтишича, мазкур асар Хива хони Оллоқулихон томонидан буюртма асосида ёзилган. Унда сарой аъёнлари томонидан тўйга тўёна сифатида битилган тўйномалар жамланган. Асар Санкт-Петербург шаҳридаги Россия миллий кутубхонасида ягона нусхада сақланади. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида унинг яна иккита нусхаси мавжуд. Ёш олима келгусида ушбу асарнинг илмий танқидий матни ёки факсимиле нусхасини чоп этиш ниятида.
– Ўзбек мумтоз адабиёти Америкада ҳам катта қизиқиш билан ўрганилади, – деди мустақил тадқиқотчи Гуландом Юлдашева. –Оксфорднинг Бодлеан кутубхонасида Аҳмад ибн Худайдод Тарозийнинг “Фунун ул-балоға” асари сақланмоқда. У XV асрнинг биринчи ярмида Моворауннаҳрда яшаган Навоий салафларининг шеърияти ҳақида бўлиб, Мирзо Улуғбек ҳомийлиги асосида Самарқандда ёзилган. Аҳамиятли жиҳати шундаки, у темурийлар даври Ўрта Осиё тарихини ёритувчи эски туркий тилдаги ноёб асар. Унда Лутфий, Атоий, Саккокий каби туркийзабон шоирларнинг ижоди ҳам ёритилган. “Фунун ул-балоға” 1930 йилда Херман Эса томонидан тадқиқ этилган. Профессор Девин Девис ҳам бу қўлёзмага қизиқиб қолиб, уни астойдил ўрганган. Ушбу бебаҳо қўлёзмани ўзбек олимлари янада батафсил таҳлил этса, жуда кўп қимматли маълумотларни қўлга киритамиз.
Тадбир давомида Ўзбекистоннинг маданияти ва маънавий меросига оид хориждан келтирилган қўлёзмаларнинг электрон нусхалари ва нодир китоблар Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, Ўзбекистон Фанлар академияси Асосий кутубхонаси, Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти, Санъатшунослик институти, Алишер Навоий номидаги Ўзбек тили ва адабиёти университети, Тошкент давлат Шарқшунослик институти вакилларига тақдим этилди.
