Тарғиботчилар учун қўлланма
Республика Маънавият ва маърифат марказида Умумий ўрта таълим мактабларининг ижодий-маънавий масалалар бўйича тарғиботчилари учун услубий қўлланманинг тақдимоти бўлиб ўтди.
Мазкур тақдимот-семинар Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Янги Ўзбекистон Стратегияси" китобида белгиланган вазифалардан келиб чиққан ҳолда ташкил этилди.
Тақдимот тадбирида бугунги кунда мамлакатимизда маънавий-маърифий ишларнинг самараси ва таъсирчанлигини ошириш, кўлами ва миқёсини янада кенгайтириш долзарб экани таъкидланди.
Шу мақсадда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан юртимизнинг умумтаълим мактабларида ижодий-маънавий масалалар бўйича тарғиботчи лавозими таъсис этилди. Мазкур вазифада асосан ижодкор зиёлилар, адабиёт соҳасида фаол изланаётган ижодкор ёшлар ишлаб келмоқда. Бугунги шиддатли глобаллашув даври мактабларда ижодий-маънавий масалалар бўйича тарғиботчиларнинг янада самарали ва таъсирчан меҳнат қилишини талаб қилмоқда.
Зеро, бугун ёшлар қалбида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга дахлдорлик ҳиссини кучайтириш, эзгулик ва инсонпарварлик тамойилларига асосланган "Миллий тикланишдан — миллий юксалиш сари" ғоясини кенг тарғиб этиш долзарб масала ҳисобланади.
Республика Маънавият ва маърифат маркази олимлари, экспертлари томонидан тайёрланган "Умумий ўрта таълим мактабларининг ижодий-маънавий масалалар бўйича тарғиботчилари учун услубий қўлланма" жамиятда соғлом дунёқараш ва бунёдкорликни тарғибот-ташвиқот қилишга қаратилган.
Ушбу қўлланма ёшларнинг ижодий истеъдоди ва қобилиятини қўллаб-қувватлаш, оила, таълим муассасалари ва маҳаллаларда маънавий тарбиянинг узвийлигини таъминлашда илмий асосланган ёндашувлар, тавсиялар, назарий ва амалий таълим ёндашувларни тавсия этгани билан аҳамиятлидир.
Тақдимотда халқ таълими вазири ўринбосари ва масъул раҳбар ходимлари, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилоятида фаолият юритаётган ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчилар, Республика Маънавият ва маърифат маркази масъул ходимлари ҳамда марказнинг ҳудудий бўлимлари раҳбарлари ушбу қўлланма юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Н.Усмонова,
ЎзА