Тарғибот акциялари ОИВ инфекциясининг олдини олишга ёрдам беради
Боиси, мунтазам ташкил этиладиган тушунтириш ишлари ва бепул скрининг текширувлари фуқароларга ўз саломатлигига масъулият билан қараш, хавф омилларидан ўз вақтида огоҳ бўлиш ҳамда касалликни эрта босқичда аниқлаш имконини туғдиради.
Тошкент шаҳар ОИТСга қарши курашиш маркази мутахассислари томонидан Мирзо Улуғбек туманидаги автобус парки ҳайдовчилари ва ходимлари иштирокида ОИВ/ОИТС профилактикасига бағишланган тарғибот тадбири ва акция ташкил этилди.
Тадбир давомида мутахассислар иштирокчиларга ОИВ инфекциясининг юқиш йўллари, хавф омиллари ва унинг олдини олиш чоралари ҳақида батафсил маълумот берди. Шунингдек, ўз вақтида тиббий текширувдан ўтишнинг муҳимлиги ҳамда кундалик ҳаётда соғлом турмуш тарзига қатъий риоя қилиш зарурлиги алоҳида таъкидланди.
Акция доирасида автобус парки ходимлари ва ҳайдовчиларидан ихтиёрий равишда қон намуналари олиниб, ОИВ инфекциясига бепул ва махфий скрининг текширувлари ўтказилди. Бундай амалий тадбирлар аҳоли, хусусан, меҳнат жамоалари ўртасида ОИВ/ОИТС бўйича тиббий саводхонликни ошириш, касалликнинг барвақт олдини олиш ҳамда уни эрта босқичда аниқлашда муҳим аҳамият касб этади.
М.Қосимова, ЎзА