Тараққиёт йўлидаги муҳим ташаббуслар
Самарқанд саммитида минтақа давлатлари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш, иқтисодий-ижтимоий муаммоларни биргаликда бартараф этиш ҳамда тинчлик ва барқарорликни таъминлашга хизмат қиладиган бир қатор ҳужжатлар қабул қилинди.
Ўзбекистон ШҲТнинг улкан имкониятларидан фойдаланган ҳолда транспорт-алоқа тизимида ўзаро боғлиқликни кучайтириш, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва туристик ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда экологик муаммоларнинг ечимини топишга қаратилган ташаббусларни илгари сурди.
Маълумки, Ўзбекистон дунёдаги очиқ денгизга чиқишда геосиёсий жиҳатдан энг мураккаб давлатлардан бири ҳисобланади. Мамлакат иқтисодиёти ривожида бу ўзига хос таъсирга эга, яъни товар логистикасидаги энг арзон бўлган сув йўли маҳсулот таннархига катта таъсир қилади. Президентимиз саъй-ҳаракати билан “Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой” темир йўлини барпо этиш лойиҳаси тасдиқланиши, аввало ШҲТ маконида транспорт жиҳатидан ўзаро боғлиқликни кучайтиришга, Хитойдан Ўзбекистон орқали Европага ва Жанубий йўллар билан Форс кўрфази давлатларига транзитни кенгайтиришга хизмат қилади.
Шу билан бирга, давлатимиз раҳбарини ташкилот аъзоларини “Термиз – Мозори-Шариф – Қобул – Пешовар” темир йўлини қуриш бўйича стратегик лойиҳани қўллаб-қувватлашга чақириши ҳамда ШҲТнинг Биринчи транспорт форумини ўтказиш бўйича таклиф билдириши алоҳида аҳамият касб этди. Ушбу темир йўл лойиҳаси минтақада ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш, товарлар айланмасини кенгайтириш ҳамда транспорт харажатларини камайтиришга хизмат қилса, ўтказиладиган форум ташкилотга аъзо давлатлар ўртасида темир йўллар барпо этиш, эркин транспорт ҳудудини яратиш масалаларининг илмий ва амалий ечимини топишга замин яратади.
Мухтасар қилиб айтганда, умумий манфаатлар йўлида ўтказилган ШҲТнинг Самарқанд саммити ташкилотнинг келгусидаги фаолиятини кенгайтиришга, ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга ҳамда минтақа аҳолиси ҳаётининг фаровонлигини барқарорлаштиришга хизмат қилади. Қолаверса, мамлакатимиз ва минтақа давлатлари иқтисодиётини ривожланишида муҳим восита вазифасини бажарувчи темир йўл тармоқларининг кенгайиши ишлаб чиқариш ва товар айрибошлашни кенг маконда эркин амалга оширишга ёрдам беради.
О.Маматкаримов,
Наманган муҳандислик-технология институти ректори, Халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгаши депутати
ЎзА