Тараққиёт ва фаровонлик йўлида
Мустақиллик миллат, давлат тараққиётининг асосий калити экани барчамизга бирдек маълум. Зеро, озод Ватан обод, халқи фаровон бўлади, миллат илмда, маънавиятда юксалади.
Ўзбек халқининг турли байрам тантаналари ичида энг азиз айём бу – мустақиллик байрамидир. Халқимиз ушбу улуғ байрамни ҳар йили ўзгача шукуҳ билан нишонлайди. Айниқса, бу йил Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги ҳар йилгиданда кўтаринки кайфият, ҳаяжон ва янгича руҳда кутиб олинди.
Энг улуғ, энг азиз байрам арафасида “Янги Ўзбекистон” боғининг очилиши ва Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 30 йиллик байрамига бағишланган тантанали маросимдаги нутқи қалбимизни фахрга, ғурурга тўлдирди. Шунингдек, залворли масъулият билан бурчга садоқат ва олий мақсадлар сари янада ишончли одимлашимизга туртки берди.
Президентимиз халқимизга юзланиб, ўтган давр, барча соҳаларда олиб борилган изчил ислоҳотлар, очиқ-ошкоралик сиёсати, эришилган натижалар хусусида сўзлар экан, келгусидаги барча режа ва мақсадларда халқ фаровонлиги, инсон манфаатлари, қадр-қиммати энг устувор вазифа экани бутун ўзбек халқини тўлқинлантириб юборди.
Бугунги кунда халқчил ва демократик тамойилларга асосланган эркин фуқаролик жамиятини барпо этаётганимиз, сиёсий-ҳуқуқий пойдевори мустаҳкам бўлган жамиятни шакллантиришда инсон ҳуқуқлари ва унинг қонуний манфаатларини энг олий даражага кўтаришга, сўз ва виждон эркинлигини таъминлашга алоҳида аҳамият қаратилаётгани ва бу йўлда илдам одимлаётганимиз давлатимиз раҳбарининг адолатли сиёсати натижасидир.
Олий таълим соҳасидаги ислоҳотлар натижасида юртимизда сўнгги 5 йилда қатор янги олий таълим муассасалари ташкил этилиб, қабул квотаси 3 баробар оширилди.
Барча соҳалардаги туб ислоҳотлар жамиятимизнинг маънавий уйғонишида намоён бўлаётгани ва маънавий уйғоқ жамиятни, ўз олдига улкан вазифалар қўйиб, келажак сари ишонч билан бораётган халқни ҳеч ким ўз йўлидан тўхтата олмаслиги айни ҳақиқатдир.
Маданият ва санъат соҳасидаги ижобий ўзгаришлар ҳам муваффақиятларимизнинг асосий омилларидан биридир. Хусусан, миллий меросимиз, бойлигимиз саналган мақом, бахшичилик, ҳунармандчилик каби қадимий санъатимизни асраб-авайлаш, дунё саҳнасига олиб чиқишга қаратилган қатор қарор ва фармонларнинг қабул қилиниши Президентимизнинг маданият ва санъатга бўлган ғамхўрлиги ифодасидир.
Ҳар икки йилда ўтказилиши белгиланган Халқаро мақом санъати анжумани, Халқаро бахшичилик санъати фестивали, Халқаро ҳунармандчилик фестивалларида унутилаёзган миллий қадриятларимиз, санъат намуналаримизга қайта жон баҳш этиш билан бирга, уларни дунёга кўз-кўз этмоқдамиз. Бу йил Хоразм вилояти Урганч шаҳрида илк маротаба бўлиб ўтадиган Халқаро “Лазги” рақс фестивали ҳамда Қорақалпоғистонда ўтказиладиган Халқаро бахшичилик санъати фестивалида Ўзбекистон давлат хореография академиясининг талаба-ёшлари ўзларининг рақс ижрочилик маҳоратларини намойиш этиб, бетакрор ўзбек рақс санъатини дунё санъат ихлосмандлари эътиборига тақдим этиши ғоятда қувонарли ҳолдир.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, “Лазги” рақсимизнинг ЮНЕСКО томонидан инсониятнинг номоддий маданий мерос объектлари рўйхатига киритилгани ўзбек миллий рақс мактабининг жаҳон миқёсидаги эътирофидир. Шунингдек, Ўзбекистон давлат хореография академиясининг ташкил этилиши ҳамда Мукаррама Турғунбоева номидаги “Баҳор” давлат рақс ансамблининг ҳам қайта ташкил этилиши ўзбек рақс санъатининг янги тараққиёт йўлини бошлаб берди.
Кўплаб ватандошларимиз каби бизнинг ҳам онгу тафаккуримизда дахлдорлик ҳисси, ватанпарварлик туйғуси ёрқин юлдуз каби порлаётгани ва биз ҳам янги Ўзбекистон бунёдкорлари сафида эканимиз барчамиз учун ҳам ғурур, ҳам фахрдир.
Бу каби улуғ мақсадлар йўлида академия жамоаси ушбу янги ўқув йилини алоҳида тайёргарлик ва янада масъулият билан бошлади. Келгусида бажарилиши лозим бўлган режа ва мақсадларимиз санъатимиз ривожи, юртимиз равнақи йўлида хизмат қилади.
Шуҳрат Тўхтасимов,
Ўзбекистон давлат хореография академияси ректори.