Тарағай қишлоғи сайёҳларни ўзига чорлайди
Тарағай қишлоғи Қашқадарё вилояти Чироқчи туманининг пурвиқор тоғлар бағрида жойлашган энг сўлим гўшаларидан бири.
Буюк Соҳибқирон бобомиз Амир Темурнинг отаси Тарағай Баҳодир номи билан боғлиқ ушбу манзил темурийлар даврига хос бўлган тарихий ёдгорликларга бой. “Тарағай ғори”, “Дунётепа”, “Фармонтош” ёдгорликлари шулар жумласидандир. Ушбу ёдгорликлар ўзининг тарихий сир-синоатларга бойлиги билан ҳар қандай сайёҳни беэътибор қолдирмайди.
Бу ҳудуд нафақат темурийлар даврига хос обидаларга бойлиги билан, балки сўлим ва бетакрор табиати, пурвиқор тоғлари, зилол сувли булоқ ва жилғалари билан ҳам машҳур.
Шу боис ушбу қишлоқда иккинчи бор “Тарағай баҳори” фестивали кўтаринки руҳда нишонланди. “Дунётепа” бағридаги кўркам боғда нишонланган фестивал барчага хушнудлик улашди.
– Тарағай қишлоғида очиқ осмон остида ўтган, ўзида миллий қадриятларни акс эттирган фестиваль халқимизни жуда хушнуд этди, – дейди Чироқчи туманидаги 125-мактаб директори Рустам Абдиев. – Фестивалда Чироқчининг кўҳна тарихидан садо берувчи музей экспонатлари, миллий ҳунармандчилик намуналари кўргазмаси, миллий қадриятларни ўзида мужассам этган халқ ўйинлари, миллий таомлар намойиши (гастротуризм) фестиваль қатнашчиларида ниҳоятда илиқ таассурот қолдирди. Халқ мазза қилиб, маданий ҳордиқ чиқарди.
Тарағай қишлоғи ҳақида айтадиган бўлсак, бу қишлоқ тоғ ёнбағирларида жойлашган бўлиб, ҳавоси тоза, табиати гўзал, ўсимлик дунёси бой қадимий қишлоқ. “Тарағай баҳори” фестивалининг айнан она табиат қўйнида шу қишлоқда ўтказилиши юртимизда ҳам мана шундай жаннатмакон манзиллар борлигини жамоатчиликка кўрсатиш ва шу орқали экотуризмни ривожлантиришдир.
Дарҳақиқат, Тарағай қишлоғидаги тоғ ёнбағрига темурийлар даврига хос ўтовлар тикилди. Миллий ҳунармандчилик ва миллий таомлар кўргазмалари ташкил қилинди. Ўртага саҳна қурилди. Бир томонда миллий кураш мусобақаси бошланди. Фестивалга нафақат Чироқчи туманидан, балки бутун вилоятдан минглаб аҳоли вакиллари томошага келди.
Ўтовларни бир-бир кўздан кечирар эканмиз, миллий таомлар кўргазмаси эътиборимизни тортди. Ўтовдаги иштирокчилардан бирини суҳбатга чорладик.
– Момоларимиз тайёрлаган миллий таомларнинг довруғи қадим-қадимларда ҳам тилларда достон бўлган, – дейди Мавлуда Абдураҳмонова. – Қатлама патир, юпқа, ғилминди, қотирма, тошпатир ва ҳоказо. Бугунги фестивалга ҳам улардан намуналар тайёрлаб келдик. Айниқса, ошқовоқда уйитилган қаттиқ таъми кўпчиликни ҳайрон қолдирди. Момоларимиз қўли гул пазанда бўлган ва биз буни бугунги ёш қизларимизга, келинларимизга ўргатишимиз керак.
Ўтовлар ёнида намойиш этилган миллий ҳунармандчилик кўргазмаси ҳам фестивал иштирокчиларини бефарқ қолдирмади. Табиий жундан ҳеч бир бўёқларсиз тайёрланган гиламлар, миллий каштачилик намуналари, уларга солинган нақшлар –барча-барчасида ҳикмат бор.
– Гиламчилик ва каштачилик момомерос ҳунар менга, – дейди ҳунарманд Дилфўза Мўминова. – Табиий жўндан гиламлар тўқиймиз. Ўқув марказ ташкил қилиб, шогирдлар тайёрлаяпмиз. Зардўзлик, қуббачилик, миллий каштачилик маҳсулотлари тайёрлаймиз. Бу каби фестивалларнинг ташкил этилиши биз ҳунармандлар учун ҳам жуда аҳамиятли. Боиси фестивалга ташриф буюрган сайёҳлар маҳсулотларимиз билан танишади, харид қилади.
[gallery-17771]
Эл суйган санъаткорлар иштирокидаги куй-қўшиқлар, “Чироқчи чироқлари” каби фольклор жамоаларининг чиқишлари барчага кўтаринки кайфият улашди.
– Иккинчи бор нишонланаётган ушбу фестивалда миллийлик йўғрилган ижод намуналаримиз билан иштирок этмоқдамиз, – дейди “Чироқчи чироқлари” фольклор жамоаси раҳбари Қўчқор Қурбонов. – Албатта ушбу миллий қўшиқлар қадимий урф-одатларимиз, анъаналаримиз ҳақида дарак бериб туради. Бу каби фестивалларнинг кўпроқ бўлиши унга ташриф буюрувчи сайёҳларда ҳам катта таассурот қолдиради.
Тушдан кейин бошланган фестивал халқ сайли кўринишида ярим тунгача давом этди ва мовий осмонни ёритган мушакбозлик билан якунланди.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/6mmZjcaGR00?si=1_1i_wS983RGbj9a" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари