“Тақдирланганим менга катта масъулият юклайди”
Президентимизнинг “Фаол тадбиркор” кўкрак нишони билан тақдирлаш тўғрисида”ги фармойишига биноан бир гуруҳ бухоролик тадбиркорлар фаолияти ҳам эътироф этилди.
Шулардан бири Анвар Кенжаев ўз фаолиятини бошлаганига кўп бўлмади. Аввалига ҳавас ортидан деҳқончилик йўналишида фермер хўжалиги ташкил қилиб, ўз тадбиркорлигига пойдевор қўйди. Четдан уруғ олиб келиш, сара навларни кўпайтириш мақсадида фаолият кўламини бир неча баробарга кенгайтиришга муваффақ бўлди. “Заҳро юлдузи” фермер хўжалиги мамлакатимизда тадбиркорларга яратилган имкониятлар натижасида кўп тармоқли хўжаликка айлантирилди.

–20 гектар ерда пахта ва ғалла етиштириш билан ўз фаолиятимни бошлаганман, –дейди Вобкент туманидаги “Заҳро юлдузи” фермер хўжалиги раҳбари, “Фаол тадбиркор” кўкрак нишони соҳиби Анвар Кенжаев. –Хўжалигимизнинг асосий ривожланиш даври 2018 йилдан кейин бошланди. Бу даврда мен кўп тармоқли фермер хўжалигини ташкил қилиб, 30 дан ортиқ замонавий қишлоқ хўжалик техникасини, жумладан, 8 та унумдор ҳайдов трактори, 5 та янги “Кейс” комбайнини харид қилдим. 400 гектар экин ери ҳамда 500 дан ортиқ наслли қорамолга эга бўлдим. Бунда биз тадбирокрларга яратиб берилган имкониятлар ва имтиёзли кредитлар таянч бўлди. Ҳозирги кунда хўжалигимизда 200 нафарга яқин ишчи ходим ишлаяпти. Улар ўртача 5 миллион сўмдан 10 миллион сўмгача маош олади.
Давлатимиз раҳбари топшириқлари асосида чорва кластерлари ташкил этиш, сут етиштириш ва қайта ишлаш ҳажмини ошириш мақсадида бошланган ташаббуслар ҳам фермер хўжалигининг фаолиятини янада кенгайтиришга асос бўлди. Анвар Кенжаевнинг таъкидлашича, келгуси йилдан эътиборан наслли қорамоллар сони 1000 тага етказилади.

–2019 йилда фермер хўжалигимиз негизида “Бухоро асл элита уруғлиги” элита уруғчилик хўжалигини ташкил қилдим, –дейди Анвар Кенжаев. –Илгарилари хомашёни давлат хариди учун қатъий белгиланган нархда сотган бўлсак, ҳозирги кунда ўзимиз етиштирган пахтани ўзимиз қайта ишлаб, кластеримизга сифатли уруғлик ғалла ҳамда уруғлик пахтанинг элита уруғларини етиштириб бераяпмиз. Пахтамизни қайта ишлаб, толасини биржа савдолари орқали текстил корхоналарига ўзимиз белгилаган нархда сотаяпмиз. Бундан йилига 5 миллиард сўмдан ортиқ даромад олаяпмиз. Даромадимизнинг ортиши туфайли ўзимизни чорвачилик соҳасида синаб кўриш учун 2021 йилда 3 миллиард сўмга Австрия ва Германия давлатларидан наслли қорамоллар олиб келдик. 2023 йилда 5 ярим миллиард сўмга автоматлаштирилган соғин зали ва 500 бош қорамолга мўлжалланган бино ускуналарини Туркия давлатидан харид қилдик.

Жорий йилда пахтачилик ва ғаллачиликда Анвар Кенжаев уруғчилик далаларида хорижнинг энг сифатли ва сермаҳсул навлари кўпайтирилди. Бунда ғаллачиликда Россия, пахтачиликда эса Хитойнинг етакчи олимлари билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди. Энг асосийси, унинг бу ташаббуслари бугун давлатимиз раҳбари томонидан алоҳида эътироф этилди.
–Албатта, кутмагандим, тўғриси, –дейди “Фаол тадбиркор” кўкрак нишони соҳиби Анвар Кенжаев. –Давлат раҳбари томонидан тақдирланганим менга жуда катта масъулият юклайди. Бундан кейин ҳам ўз меҳнатим билан юртимнинг тараққиётига, ривожланишига ўз ҳиссамни қўшаман.
Тадбиркор ким – у янгиликка интилувчи, атрофдагилар учун қулай муҳит яратишни мақсад қилган ташаббускор. Унинг фаоллиги ҳеч шубҳасиз халқнинг фарвонлиги-ю, юртнинг янада равнақ топишига хизмат қилади. Ушбу рағбат эса янги имкониятлар сари дидил одимлашга замин яратади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири