Тақдир зарбаларини енгиб, "бадавлат хоним"га айландим
Одамлар орасида
Тадбиркор аёллар ҳақида гап кетса, кўпчиликнинг кўз ўнгида қимматбахо машинада савлат тўкиб юрадиган бадавлат хонимлар қиёфаси акс этади. Бундай ишбилармон аёлларнинг ҳаётда ҳеч қандай муаммоси йўқ, пули кўп, ошиғи олчи, дейдиганлар ҳам бор. Аммо уларнинг қалбига яқинроқ бориб, суҳбатларига қулоқ тутсангиз, катта-катта муаммолари, дарду ҳасратлари борлигига гувоҳ бўласиз.
Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳрида яшовчи “Зулфия-Бону-чевар” МЧЖ раҳбари Ўғилой Мирзамуротованинг ҳаёт йўлларига ҳам кўпчилик ҳавас билан қарайди. Аммо унинг тақдирида ҳам ўзига яраша қайғу- ҳасратли, дард-аламли кунлар кўп бўлган. Келинг, яхшиси, опанинг сўзларига қулоқ тутайликда, ҳаммасини ўзидан эшитайлик.
–Уч нафар фарзандим бор. Иккитаси соғлом, кенжатой қизим Зулфияхон эса ногирон бўлиб туғилди,–дея ҳикоясини бошлади опа. –Қизим ўртоқлари каби мустақил юролмас, гапиришга ҳам қийналарди.Унга 2 гуруҳ ногирони берилди. Ўша пайтларда ўзим болалар боғчасида мудира бўлиб ишлардим. Қизим соғлом болалар орасида юрса уларга қараб юришга, гапиришга интилади, деган ўй билан уни ҳам боғчада бирга олиб юрадиган бўлдим. Чунки инсон бошқаларнинг хайрихоҳлигидан баҳра топиб яшаса, ҳаёт наъшали бўлади. Аммо менинг қизимга нисбатан хайрихоҳлик эмас, норозилик бўлди. Боғчага келган оналар қизимнинг нуқсонли эканини кўриб "Нега бу қизни соғлом болалар орасига қўшиб қўйдиларинг, бу мумкинми?” деявергач, ариза ёзиб, ишдан бўшадим.
Ўша пайтлардаги ҳолатимни ҳозир эсласам... Хуллас йиғладим, сиқтадим, охири тақдирнинг синовига бардош беришга мажбур бўлдим. Қўлимдан унча-мунча тикиш-бичиш ишлари келарди. Бор маблағимга иккитагина тикув машинаси сотиб олиб, 2007 йилда касаначилик асосида тадбиркорлик фаолиятини бошладим. Секин-аста ишимга талабгорлар кўпайди. Зулфияхон қизимни ҳам ишимга йўналтирдим. Қўлидан келганича, амаллаганича бизга ёрдам бера бошлади. Баъзида мен тикадиган матони бир четидан ушлаб турар, баъзида нинага ип ўтказиб бергани учун ҳам хурсанд бўлиб кетарди. Мен бошлаган иш қизимнинг ҳаётига қувонч олиб кираётганини кўриб, хурсанд бўлиб кетдим ва фаолиятимни кенгайтира бошладим.
2014 йилда “нол” қийматида эски бинони сотиб олиб, ўша ерда тикув машиналарини ўрнатдим. 50 нафар хотин-қизни иш билан таъминладим. Мен яшайдиган жой Бекобод шаҳрининг Жомий маҳалласи Тожикистон Республикаси билан чегарадош худуд бўлгани учун кўпроқ бизга Тожикистондан буюртмалар тушарди. Тожиклар билан жуда аҳил-иноқ яшаймиз. Маҳалламизда 3 мингта оила бор. Бу ҳудудга мактаб, поликлиника, истирохат боғи, кўчалар учун асфальт жудаям зарур эди. Либерал демократик партиясининг шаҳар кенгаши депутати бўлганим боис, жорий йилнинг март ойида давлатимиз раҳбарига мурожаат билан чиқдим. Президентимиз менинг мурожаатимни эътиборга олди ва 25 миллиард сўм миқдорида маблағ ажратилди. Ҳудудимизда ҳозир бунёдкорлик ишлари бошлаб юборилган. Кўчалар асфальт қилиняпти, мактаб, поликлиника қурилмоқда, сув ўтказиб берадиган 2 та замонавий трансфарматор сотиб олдик. Хуллас, аҳоли учун нимаики зарур бўлса, ҳаммаси қуриляпти.
Ҳудудимизда ўзим хусусий боғча очганман, 50 нафар бола бор. Боғчамиз хусусий бўлсада, тўлов пуллари давлат мактабгача таълим муассасаси билан бир хил. Мен боғчадан ҳеч қандай фойда кўрмайман. Ўзиники ўзини қопласа ҳам хурсанд бўламан. Одамлар болаларини узоққа олиб бориб қийналмасин, деган мақсадда очганман.
Зулфия қизимга келсак, ҳозир унинг кайфиятлари жудаям аъло. Ўзиям чеварларга ёрдам бериб, нималардир тикиб туради. Бир жойда жим ўтирмайди, қийналиб бўлсада, ҳаракат қилиб, ёрдам бергиси келади. Шу қизимни ортидан тадбиркорлик фаолиятини юритиб, бой-бадавлат аёлга айландим. Қўша-қўша машиналар, уй-жойларга эга бўлдим. Кўплаб одамларни иш билан таъминладим. Ҳали яна эзгу ниятларим бисёр, корхонамни кенгайтириб, янаям кўпроқ одамларни иш билан таъминлаш ниятидаман. Корхонамизда тикилган маҳсулотлар қўшни Афғонистон, Тожикистон, Қозоғистон мамлакатларига экспорт қилинмоқда. Мен каби имконияти чекланган фарзанд тарбиялаётган ота-оналарга ҳеч қачон ортга чекинмасликни, бундай болаларнинг ҳам ўзига яраша хислати борлигини айтгим келади.
Мана барчамиз гувоҳ бўлдик яқинда Токиода ўтказилган паралимпия ўйинларида қанчадан-қанча имконияти чекланган йигит-қизлар кўксиларига олтин медал тақиб, юртимиз шарафини улуғлаб қайтишди. Гап одамнинг соғлом ёки носоғлом вужудида эмас, унинг қандай ишларни бажара олганида, деб биламан. Боласининг нуқсонли туғилганидан уялиб, уни ногиронлар уйига топшириб юборадиган ота-оналар қанча? Ахир бу болалар ҳам ўзингизнинг зурриёдингизку. Аслида уларнинг шундай қисмат эгаси бўлиб қолишларида сизнинг ҳам айбингиз бор. Нега ўз хатойингиз жабрини тортишга уларни мажбур қиласиз, дегим келади. Балки улар орасида бундай болага қараш бизга осон эмас, дегувчилар ҳам топилар. Аммо унутманг, болангиз учун уни оила муҳитидан ажратишдан оғир жазо бўлмайди.
Инсон ҳамиша қаҳрамон бўлиши мумкин эмасдир, лекин ҳамиша инсон бўлиб қолиши шарт, деган иборани шиор қилиб яшайман. Тақдир зарбаларини енгиб, бадавлат хонимга айланганим учун шукрона келтириб яшайман.

ЎзА мухбири Нигора Раҳмонова ёзиб олди.