Тақдимот: “Олтин қаламли журналистлар”
Навоий шаҳридаги “Матбуот уйи”да Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Навоий вилояти бўлими томонидан “Олтин қаламли журналистлар” китобининг тақдимоти ўтказилди.
“Олтин қаламли журналистлар” китоби Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси томонидан давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 27 июндаги “Оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва журналистика соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида 1000 нусхада чоп этилган бўлиб, мамлакатимизнинг барча ҳудудларига етказиб берилган.

Китобда Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятлардан 50 нафарга яқин устозлар ва соҳада меҳнат қилиб келаётган журналистларнинг публицистика, журналистик суриштирув, очерк, фельетон каби 8 та жанр бўйича энг сара материаллари жамланган.

– “Олтин қаламли журналистлар” китобининг нашр этилиши ва ундан ўрин олган таниқли журналистларнинг публицистик йўналишдаги асарлари бугунги кунда журналистика соҳасига кириб келаётган ёшлар учун касб маҳоратини оширишда услубий қўлланмалардан бири бўлиб қолади, – дейди Уюшманинг вилоят бўлими раиси Отабек Аслонов. – Қолаверса, китобга бугунги кунда матбуотимизда деярли учрамаётган памфлет, фельетон, журналистик суриштирув каби жанрларга оид материалларнинг киритилганлиги эса барча соҳа вакиллари учун “маҳорат мактаби”ни ўташи аниқ.

Китобдан навоийлик фахрий журналист Олим Хўжаев ҳамда “Халқ сўзи” газетасининг Навоий вилояти бўйича мухбири Темур Эшбоевнинг публицистик мақолалари ўрин олган.
Тақдимот якунида босма ОАВ вакиллари ва фаол журналистларга “Олтин қаламли журналистлар” китоби тақдим этилди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири