Танзила Норбоева: парламентга олиб чиқилган ҳар бир масала бўйича амалий ечим ва аниқ натижа бўлиши керак
Сенат ялпи мажлисида ер ва кўчмас мулк муносабатларини тартибга солиш ҳолати юзасидан Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш масаласи кўриб чиқилди.
Муҳокама жараёнида мамлакатимизда ер ва кўчмас мулк муносабатларини тартибга солиш, соҳани рақамлаштириш, давлат хизматлари кўрсатиш тизимини соддалаштириш ҳамда очиқлик ва шаффофликни таъминлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётганига эътибор қаратилди.
Мазкур масала бўйича фикрларини билдирган Сенат Раиси Танзила Норбоева Олий Мажлис палаталарида кўтарилган барча масалаларни чуқур ўрганиб, улар юзасидан амалий ва самарали чоралар кўриш зарурлигини таъкидлади.
– Бериладиган жавоблар аниқ ва натижага йўналтирилган бўлиши керак, – деди Т.Норбоева. – Шунчаки “чоралар кўрилмоқда”, “ишлар бошланади” ёки “режа қилинди” мазмунидаги жавоблар етарли эмас. Ҳар бир муаммоли масала бўйича қандай чоралар кўрилгани, айни пайтда қандай ишлар амалга оширилаётгани, масъул ташкилот ва шахслар ким экани, ишларни якунлаш муддати, қачон аниқ натижага эришилиши аниқ кўрсатилган ҳолда жавоб берилиши керак. Айниқса, бюджет масалалари билан боғлиқ муаммоларга алоҳида эътибор қаратиш лозим. Зарур маблағларни шакллантириш, уларни мақсадли равишда йўналтириш ва муаммоларни ҳал этиш бўйича аниқ ёндашув бўлиши зарур. Зотан, парламентга муаммо шунчаки муҳокама қилиш учун олиб чиқилмайди. Ҳар бир кўтарилган масала ортидан амалий ечим ва аниқ натижа бўлиши керак. Шунинг учун биз учун асосий мезон – муаммо кўтарилдими ёки йўқми, деган масала эмас, балки кўтарилган муаммо бўйича қандай ечим топилди, қандай амалий ишлар бажарилди ва натижада аҳоли ҳаётида қандай ижобий ўзгариш юз бергани диққат марказимизда бўлади.

Мазкур масала бўйича маъруза қилган Сенат аъзоси Абдусаид Кўчимов ўтган 5 йил давомида соҳани тартибга солишга оид 60 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинганини қайд этди. Ўз ўрнида, кадастр соҳасида рақамли технологияларни жорий этиш ва ахборот тизимларини интеграция қилиш бўйича муҳим натижаларга эришилди. Жумладан, илгари алоҳида фаолият юритган “Davreyestr”, “Ko‘chmas mulk” ва “Ko‘chmas mulk-3” ахборот тизимлари ўрнига Жаҳон банки билан ҳамкорликда Кадастр ва кўчмас мулкларни рўйхатдан ўтказиш интеграцион ахборот портали – UZKAD тизими ишга туширилди.
Ер ва кадастр назоратини рақамлаштириш орқали самарадорликни ошириш мақсадида “E-YER NAZORAT” автоматлаштирилган ахборот тизими жорий этилиб, Бош прокуратура ва Ички ишлар вазирлиги ахборот тизимлари билан интеграция қилинган.

Ялпи мажлисда сенаторлар бу борада ўз ечимини кутаётган айрим масалаларга эътибор қаратди. Жумладан, кўчмас мулк объектларининг бозор қийматини белгилаш механизмларини жорий этиш ҳамда стратегик инвесторларга ер участкаларини ажратиш тартибини соддалаштириш ҳамда аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига кўрсатилаётган кадастр хизматлари сифатини ошириш чораларини кўриш зарур.
Бундан ташқари, кадастр органлари фаолиятида қонунчилик талабларига сўзсиз риоя этилишини таъминлаш, қарор қабул қилиш жараёнларининг қонунийлиги ва асослилиги устидан ички назорат механизмларини кучайтириш лозимлиги ҳам алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Муҳокама якунида ушбу ва бошқа бир қатор масалаларга ойдинлик киритиш мақсадида Сенатнинг Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш тўғрисидаги қарори қабул қилинди.
Норгул Абдураимова,
Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА