Танқидий фикрлаш қандай омилларга боғлиқ?
Наманган шаҳридаги Президент мактабида умумтаълим мактабларининг математика ва инглиз тили фанлари ўқитувчилари иштирокида “Ўқувчиларда танқидий фикрлашни лойиҳа ишлари орқали шакллантириш” мавзуида семинар-тренинг бўлиб ўтди.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги, Педагогик маҳорат ва халқаро баҳолаш илмий-амалий маркази ҳамкорлигида ташкил этилган семинар иштирокчилари Президент мактаби ўқувчилари томонидан қўлга киритилган ютуқлар, яратилган инновацион ишланмалар, ижодий ишлар ва миллий ҳунармандлик буюмлари кўргазмаси билан таништирилди.

Тадбир дебочасида вилоят шаҳар ва туманлардаги мактабларнинг математика ва инглиз тили фанлари ўқитувчилари учун ташкил этилган мазкур тренинг машғулотларининг таълим сифати ҳамда самарадорлигини оширишдаги роли хусусида батафсил тушунча берилди.
— Икки кунлик машғулотлар математика ва инглиз тили фани ўқитувчиларининг касбий компетенциясини ривожлантиришга йўналтирилган каскад усулида олиб борилди, – дейди Чортоқ тумани ихтисослаштирилган мактабининг олий тоифали ўқитувчиси, тренер Бахтиёр Умрзоқов.

— Гуруҳларга бўлинган иштирокчиларга машғулотлар ўтишдан аввал пойтахтимизда малака ошириб, тегишли сертификатга эга бўлдик. Мавзу юзасидан қизиқарли маърузалар танланиб, амалий машғулотлар ўтказдик. Масалан, математика фани ўқитувчиларининг касбий компетенцияларини ривожлантиришга қаратилган тренингда мазкур фан бўйича дарсларида ўқувчиларнинг индивидуал ва жамоавий кўп босқичли фаолиятини амалга ошириш қобилиятини шакллантирадиган фаол ўқитишга асосланган лойиҳа иши бажарилди. Лойиҳани бажариш орқали “Пропорция” мавзусини ўрганиш, янги мавзуни анъанавий усулда эмас, балки берилган муаммони ечиш орқали англашга эътибор қаратилди. Машғулотлар чоғида ҳамкасбларимиз учун ижодий ишлар тақдимоти ҳам ўтказилди.

Умуман олганда семинар-тренингда вилоятдаги умумтаълим мактабларининг 200 нафар математика ва инглиз тили фани ўқитувчиси иштирок этди, улар берилган мавзуни тўлиқ ўзлаштириб олгач, ўз ҳудудларидаги мактабларда ҳамкасблари учун худди шундай тренинглар ташкил этади. Бунинг натижасида ҳар икки фан бўйича жами 2 минг 500 дан зиёд ўқитувчиларнинг касбий кўникмалари шакллантирилади.

— Мазкур машғулотлар ўқитувчиларга мавзуларни фанлараро боғланиш, аниқ ва табиий фанларни ўқитишда янгича ёндашувларни қўллашга ундайди. Лойиҳа ишлари бизнинг соҳада янгича метод бўлиб, таълим сифатини ошириш, фанларга ўқувчиларни қизиқтириш, мавзуларни ҳаётимиз билан уйғунлашган ҳолда олиб боришмизда муҳим ўрин тутади, – дейди Мингбулоқ туманининг Гуртепа қишлоғидаги 6-сонли умумтаълим мактаби математика фани ўқитувчиси Зарнигор Ҳакимжонова. – Бу ўқувчиларда танқидий фикрлашни шакллантириш, уларнинг индивидуал ва жамоавий қобилиятини ошириб, мустақил фикрлаш кўникмаларини ривожлантиришга катта ёрдам беради. Шу ўринда, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига таклифимиз шуки, битта синфда бугунги кунда ўртача 30 ўқувчи бўлса, уларга 45 дақиқалик бир соат дарс машғулоти мавзуини тўлақонли етказиш қийин кечади, айни шунинг учун математика дарс машғулотларини синфни иккита гуруҳга бўлинган ҳолда ташкиллаштириш зарур.
Семинар-тренинг якунида иштирокчиларнинг тренерлик фаолиятига тайёргарлик даражасини аниқлаш учун сўровнома ўтказилади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА