Танловдаги энг сара асарлар китоб ҳолида нашр этилади
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Андижон вилояти бўлими томонидан "Янги Ўзбекистон – янгича дунёқараш" шиори остида вилоят ҳокими соврини учун ижодкорлар танлови эълон қилинди.
– Танловга мамлакатимиз маънавий ҳаётидаги, юртдошларимиз онг-шууридаги ўзгаришлар, давримиз қаҳрамонлари, умуман, жамиятимиз ҳаётидаги юксалишлар акс этган бадиий асарлар тақдим этилади, – дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Хуршида Ваҳобжон қизи. – Мақсадимиз юртимиздаги ана шу ўзгаришларни аҳоли ўртасида кенг тарғиб этиш, ижодкорларни қўллаб-қувватлашдан иборат.
Танлов уч ёш тоифаси, яъни 15 дан 30 ёшгача, 30 дан 40 ёшгача ҳамда 40 дан юқори ёшдаги ижодкорлар ўртасида ҳудудий ҳамда вилоят босқичи тарзида ўтказилади.
Ижодкорлар танловда назм (шеърият), наср (эртак, ҳикоя, қисса, роман ва бошқалар), бадиий публицистика (публицистик мақолалар, очерк, эссе) йўналишлари бўйича ижодий асарлари билан иштирок этади.
Танловда ғолиб бўлган, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими Ижодий кенгаши томонидан бадиий жиҳатдан етук, деб топилган асарлар Андижон вилояти ҳокимининг молиявий кўмаги билан китоб ҳолида нашр этилиши белгиланган.
Ф.УБАЙДУЛЛАЕВ, ЎзА