Танловда ёш архивчи қизлар баҳслашди
Фарғонада “Ўзархив" агентлиги тизимидаги архив муассасаларида ишловчи ёш ходималар ўртасида “Балли қизлар” Республика кўрик-танлови бўлиб ўтди. Унда 15 нафар иштирокчи тўрт шарт бўйича ўз иқтидорни намоён этди.
Турли соҳаларда меҳнат қилаётган опа-сингилларимиз орасида истеъдодли ва қобилиятлилари кўплаб топилади. Улар ўртасида танлов ва мусобақаларнинг ташкил этилиши янги ғоялар сари ундаш, маҳоратини ошириш ва рағбатлантиришга хизмат қилади. Архивчи ходималар ўртасида “Балли қизлар” кўрик-танловини ўтказиш анъанага айланган.
Танловнинг очилиш маросимида сўзга чиққан "Ўзархив" агентлиги директори Улуғбек Юсупов архив тизимида ишлаётган хотин-қизлар ўз соҳасининг билимдони, оқила ва зукко эканлигини алоҳида таъкидлаб, барча иштирокчиларга омад тилади.
[gallery-5982]
Архивчи қизлар ўз фаолияти, соҳадаги янгиликларни тайёрлаб келган видеороликда ёритиб берди, савол-жавобларда билимларини синовдан ўтказди. Кулгили интермедиялар ўтирганлар кайфиятини тоғдек кўтарди. Иштирокчилар ўз чиқишларини жонли ижро этди. Кўп саҳналар ҳали анча вақт томошабинлар ёдидан кўтарилмайдиган таассуротлар уйғотди.
Танлов якунига кўра, Ўзбекистон миллий архивининг катта илмий ходими Зулфия Ҳасанова биринчи ўринни кўлга киритди. Наманган вилояти архив иши ҳудудий бошқармаси ходими Нафиса Мамадалиева иккинчи, Кинофотофоно ҳужжатлари миллий архиви ходими Раънохон Собирова учинчи ўринни эгаллади.
М. Сулаймонов, ЎзА
М. Қодиров олган сурат