Танлов ғолиблари тақдирланди
15 май - Халқаро оила куни
Юртимизда “Оиламиз – келажагимиз” ойлиги доирасида кўрик-танлов бўлиб ўтмоқда. Жумладан, Андижонда ҳам “Янги Ўзбекистоннинг ибратли оиласи” республика кўрик-танловининг вилоят босқичи кўтаринки руҳда ўтказилди.
Унда Андижон вилояти ҳокимининг ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Нигорахон Юнусова ва бошқалар мамлакатимизда оилаларни қўллаб-қувватлаш ва мустаҳкамлаш, оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, унинг жамиятдаги ўрни, роли ва нуфузини ошириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлигини таъкидлади.
– Оилаларни мустаҳкамлаш, қадриятларни улуғлаш мақсадида ўтказилган танлов ана шу йўналишдаги илғор тажрибаларни оммалаштириш, ибратли оилаларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга қаратилган ишлар самарадорлигини оширишга хизмат қилади. Танловнинг маҳаллалар кесимида ўтказилган босқичида 2 мингдан зиёд оила қатнашди – дейди Андижон вилояти ҳокимининг ўринбосари Нигорахон Юнусова.
[gallery-29423]
Танловнинг вилоят босқичида туман ва шаҳар босқичларида ғолиб деб топилган 12 оила иштирок этиб, оилани мустаҳкамлаш, соғлом ижтимоий-маънавий муҳитни қарор топтириш, фарзанд тарбияси, китоб мутолааси, жамиятдаги намунали фаолияти бўйича белгиланган шартлар асосида ғолиблик учун ўзаро баҳс олиб борди.
Якуний натижаларга кўра, Избоскан тумани Дўстлик маҳалласида яшовчи Дилдорахон ва Илғорбек Тўхтаназаров оиласи биринчи ўринга сазовор бўлди.
Танловда иккинчи ўрин Хўжаобод тумани Шаҳрихонсой маҳалласида яшовчи Барнохон ва Музаффар Мамадураимов оиласига, учинчи ўрин Асака тумани Дўрмон маҳалласида яшовчи Муҳайёхон ва Нозимжон Исақов оиласига насиб этди.
Ғолиб ва совриндорлар диплом ва эсдалик совғалар билан тақдирланди.
Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари.