Танқидий муносабат ўз ечимини топди
Сирдарё вилоят болалар шифохонасининг айрим бўлимлари яқин-яқингача таъмирталаб аҳволда эди.
Сирдарё вилоят болалар шифохонасининг айрим бўлимлари яқин-яқингача таъмирталаб аҳволда эди.
1999 йилда мактабгача таълим муассасаси негизида ташкил топган шифохона ҳозирги вақтга келиб вилоят миқёсида долзарб аҳамиятга эга ҳисобланади. Ҳар куни бу ерга қанчадан-қанча болалар шифо умидида ташриф буюради.
Олий Мажлис Сенати аъзоси, Ўзбекистон “Адолат” СДПдан Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Арипжон Қудратов вилоят болалар шифохонасидаги мазкур муаммо юзасидан вилоят ҳокимлигига депутатлик сўрови киритганида зум ўтмай ҳокимлик мутасаддилари болалар шифохонасини чиройли кўринишга келтириб қўйишди. Бунда албатта, юборилган депутатлик сўровига масъулият билан ёндашган вилоят ҳокимлигининг алоҳида ўрни бор.
Лойиҳа қиймати 360 000000 ( уч юз олтмиш миллион) сўм бўлган ушбу таъмирлаш ишларига вилоят ҳокимлиги бош-қош бўлиб, бугунги кунда болалар шифохонасининг кардиология, неврология, пульманология, эрта ёшли патология ва хаста чақалоқлар бўлими таъмирдан чиқарилиб, янги жиҳозлар келтирилди.
Хусусан, эски каравот ва шкафлар янгисига алмаштирилди. Мустаҳкам ва чиройли кўринишдаги ер усти қопламалари, яъни линолеумлар ўрнатилди.
Шавкат ИСКАНДАРОВ, вилоят болалар шифохонаси бош шифокори:
– Шифохонамизда чиндан ҳам таъмирталаб ҳолатлар мавжуд эди. Ўз навбатида тиббий жиҳозларга ҳам эҳтиёж юқори эди. Бу ишларни ҳал этиш режага киритилган эди. Босқичма-босқич амалга оширилиб келинаётганди. Бироқ, депутат ташаббуси билан бу ишларнинг бориши тезлашиб, бугунги кунда шифохонамизнинг асосий бўлимлари таъмирланди, етарли жиҳозлар билан таъминланди. Бундан, албатта, даволанувчи беморларимиз жуда ҳам хурсанд.
Нигора ТОЖИЕВА, даволанувчи бемор боланинг онаси:
– Мен қизимни ҳар олти ойда мана шу шифохонада даволатиб тураман. Олдинлари шифохона бу каби шинам кўринишдаги, шароитлари тўла-тўкис бўлмаган. Бугунга келиб ёш болалар учун ҳам биз ота-оналар учун ҳам ҳар томонлама қулай шароитлар яратилди. Замонавий кўринишдаги шинам хоналарда даволаниб, яхши ҳордиқ чиқаряпмиз. Иссиқ-совуқ сув доимий чиқиб туради. Биз бундан жуда мамнунмиз. Халқни ўйлаган “Адолат” партиясига раҳмат. Шунингдек, ҳомийлик кўрсатган вилоят ҳокимиятига ҳам алоҳида ташаккуримизни билдирамиз.
Гувоҳи бўлганингиздек, сиёсий партия ташаббуси, қолаверса, юборилган депутатлик сўровларига бефарқ бўлмаган ҳокимлик мутасаддиларининг ёрдами туфайли вилоятимиз аҳолиси учун муҳим аҳамиятга эга бўлган болалар шифохонаси кўзни қувнатадиган даражага етказилди. Партия халқ манфаатлари йўлида бундан сўнг ҳам оғишмай дадил қадам ташлайверади.
Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Сирдарё вилоят Кенгаши
матбуот котиби