Тамаки тутуни ортидаги умрлар — огоҳлик чақириғи
Ҳар йили дунёда миллионлаб инсонлар тамаки тутунининг аянчли оқибатлари туфайли ҳаётдан кўз юммоқда. Бу рақамлар ортида эса совуқ статистика эмас, балки узилган нафаслар, сўнган орзулар ва умидлари чилпарчин бўлган оилалар тақдири мужассам.
Тамаки — инсон умрига секин кириб келадиган, аммо аёвсиз равишда уни қисқартирадиган кўринмас душмандир. У дастлаб сезилмас, оддий одатдек қабул қилинади, бироқ йиллар ўтиши билан юрак-қон томир тизими, ўпка ва бошқа ҳаётий аъзоларни издан чиқариб, оғир хасталиклар ва эрта ўлимга сабаб бўлади.

31 май — Халқаро чекишга қарши курашиш куни муносабати билан бу муаммо янада кескин аҳамият касб этмоқда. Бу сана жамиятни бир лаҳза тўхтаб, ҳаёт қиймати, соғлом турмуш тарзи ва зарарли одатлар оқибатлари ҳақида чуқур мулоҳаза қилишга ундайди.
Мамлакатимизда аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, зарарли одатларга қарши курашиш ва жисмоний фаолликни ошириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 18 декабрдаги “Ноинфекцион касалликлар профилактикаси, соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва аҳолининг жисмоний фаоллиги даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори ҳамда 2020 йил 30 октябрдаги “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги фармони бу борадаги ишларга янги суръат бағишлади.

Ушбу ҳужжатларда аҳоли ўртасида зарарли одатларнинг олдини олиш, жисмоний фаолликни ошириш, тўғри овқатланиш маданиятини шакллантириш, оммавий спорт ҳаракатини кенгайтириш ҳамда ноинфекцион касалликлар профилактикасини кучайтириш каби вазифалар устувор аҳамият касб этади. Зеро, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, инсон саломатлигининг 55 фоизи унинг турмуш тарзига, 20 фоизи атроф-муҳитга, 15 фоизи ирсий омилларга ва атиги 10 фоизи тиббий хизмат сифатига боғлиқ.

Шунга қарамасдан, чекиш бугун ҳам инсоният саломатлигига таҳдид солаётган энг хавфли омиллардан бири бўлиб қолмоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, ҳар йили дунёда қарийб 8 миллион инсон тамаки истеъмоли оқибатида ҳаётдан кўз юмади. Уларнинг бир миллиондан ортиғини пассив чекувчилар — яъни ўзи тамаки чекмайдиган, аммо атрофдагилар чекиши натижасида зарарли тутунни нафас орқали қабул қиладиган инсонлар ташкил этади.
Соғлиқни сақлаш ва стратегик ривожланиш институти Сирдарё вилояти бўлими бошлиғи Тожихон Ғаффорованинг таъкидлашича, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш ва зарарли одатларга қарши иммунитетни шакллантириш мақсадида вилоятда йил давомида кенг кўламли тарғибот ва профилактика тадбирлари амалга оширилмоқда.

– Афсуски, инсон ўз саломатлигига етказаётган зарарни ҳар доим ҳам дарҳол сезмайди. Аммо йиллар ўтиши билан носоғлом турмуш тарзи оғир касалликларга сабаб бўлади. Сурункали уйқусизлик инсон умрини ўртача 5 йилга, камҳаракатлик 6 йилга, ортиқча вазн 8 йилга, юқори қон босими эса 10 йилга қисқартириши мумкин. Бир кунда 20 донадан ортиқ сигарета чекиш ҳам инсон умрини ўртача 10 йилга камайтиради, – дейди мутахассис.
– Никотин инсонни ўзига тобе қилиб қўядиган кучли психоактив моддадир, – дейди Республика ихтисослаштирилган наркология илмий-амалий тиббиёт маркази Сирдарё вилояти минтақавий филиали директори, нарколог Ойбек Йўлдошев. – Кўпчилик чекишни хоҳлаганда ташлаб юбориш мумкин бўлган одат деб ўйлайди. Аслида эса никотин инсон организмида ҳам жисмоний, ҳам руҳий қарамликни шакллантиради. Шу сабабли кўплаб чекувчилар зарарини билган ҳолда ҳам ундан воз кечишда қийналади. Никотин мия фаолиятига таъсир қилиб, вақтинчалик роҳат ҳиссини беради, аммо вақт ўтиши билан организм унга эҳтиёж сеза бошлайди. Бу эса қарамликнинг чуқурлашишига олиб келади.

Мутахассиснинг таъкидлашича, сўнгги йилларда электрон сигареталар ва қиздириладиган тамаки маҳсулотларининг кенг тарқалиши ҳам жиддий ташвиш уйғотмоқда.
– Айримлар электрон сигареталарни хавфсиз деб ҳисоблайди. Аслида уларнинг аксарияти таркибида ҳам никотин ва бошқа зарарли кимёвий моддалар мавжуд. Энг хавфлиси, бундай воситалар ёшлар орасида чекишга қизиқиш уйғотиб, кейинчалик никотинга қарамликни кучайтириши мумкин, – дейди Ойбек Йўлдошев.
Тиббий маълумотларга кўра, чекиш юздан ортиқ касалликлар билан бевосита боғлиқ. Ўпка саратони ҳолатларининг қарийб 90 фоизи айнан тамаки истеъмолига боғлиқ бўлиб, чекувчиларда юрак ишемик касаллиги, миокард инфаркти, инсульт, сурункали бронхит ва ўпка эмфиземаси каби хасталиклар бир неча баробар кўпроқ учрайди.

Тамаки тутуни нафақат ўпка, балки оғиз бўшлиғи, ҳалқум, қизилўнгач, меъда, буйрак ва бошқа аъзоларда ҳам хавфли ўсмалар пайдо бўлишига сабаб бўлади. Олимларнинг ҳисоб-китобларига кўра, ҳар бир чекилган сигарета инсон умридан бир неча дақиқани олиб қўяди. Бу рақамлар ортида эса минглаб йўқотилган орзулар, соғлиқ ва тақдирлар турибди.
Сўнгги йилларда ўтказилган халқаро тадқиқотлар чекиш инсон организмининг қариш жараёнини ҳам тезлаштиришини кўрсатмоқда. Гонконгдаги Хитой университети олимлари қарийб 500 минг нафар инсон маълумотларини таҳлил қилиб, чекиш теломерлар — ҳужайраларнинг яшаш муддати ва янгиланиш жараёнига масъул бўлган тузилмаларнинг қисқаришига сабаб бўлишини аниқлашган.
Бу эса организмнинг тезроқ қариши ва турли касалликларга мойил бўлиб қолишини англатади. Бироқ шифокорлар бир овоздан таъкидлайдиган муҳим ҳақиқат бор. Чекишдан воз кечиш учун ҳеч қачон кеч эмас. Тамакини ташлаганидан 20 дақиқа ўтиб юрак уриши меъёрлашади. 12 соатдан кейин қондаги углерод оксиди даражаси нормал ҳолатга қайтади. Икки ҳафта ичида ўпка фаолияти яхшиланади, бир ойдан кейин йўтал ва нафас қисилиши камаяди. Кейинги йиллар давомида эса юрак хуружи ва инсульт хавфи сезиларли даражада пасаяди.
Соғлом ҳаёт инсонга табиатан берилган энг катта бойлик — саломатликни асраб қолиш имконини беради. Ҳар бир чекилмаган сигарета инсоннинг ўзи, оиласи ва фарзандлари учун қилинган энг тўғри танловдир.
31 май — Халқаро чекишга қарши курашиш куни ҳар биримиз учун муҳим огоҳлантиришдир. Зеро, саломатликни тиклаш мумкин, аммо унинг бой берилган қисми ва йўқотилган йилларни қайтариб бўлмайди.
Ғулом Примов, ЎзА