Таълимдан меҳнат бозорига мустаҳкам кўприк
Сир эмаски, бугунги кунда олий ўқув юртини тамомлаган ёшлар, ўз таъбири билан айтганда, «яхшироқ стол» эгаси бўлишни орзу қилади. Айримлар эса ўз тадбиркорлик ташаббусларини ҳаётга жорий этишни мўлжаллайди. Кимдир илм йўлидаги заҳматли изланишларини давом эттиради.
«Ўзмиллийбанк» акциядорлик жамияти, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Тошкент вилояти ҳокимлиги, Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда Савдо-саноат палатаси каби ҳамкор ташкилотлар томонидан икки йилдан буён ўтказиб келинаётган «TalabaExpo–2026» Республика касблар кўргазмаси ёшларнинг олий таълим муассасасини тамомлагандан кейинги касбий салоҳиятини янада юксалтириш, битирувчиларни фаол қўллаб-қувватлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Пойтахтимиздаги «Талабалар шаҳарчаси»да мазкур маърифий лойиҳанинг Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти босқичи ташкил этилди. Шу муносабат билан тегишли вазирлик ва идоралар, банк-молия муассасалари, меҳнат жамоалари, турли компания ва ташкилотлар раҳбарлари ҳамда битирувчи ёшлар таклиф этилди.
Ўзбекистон Республикаси олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг биринчи ўринбосари Сардор Ражабов, камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг ўринбосари Раъно Турдибоева ҳамда бошқалар мамлакатимизда битирувчи ёшларнинг меҳнат бандлигини таъминлаш, уларнинг илғор ғоя ва ташаббусларини ҳаётга татбиқ этиш учун Президент ташаббуси асосида кўплаб амалий чора-тадбирлар ҳаётга фаол жорий этилаётганини таъкидлади.

«TalabaExpo–2026» Республика касблар кўргазмаси ёшларнинг бандлигини таъминлаш, таълим ва меҳнат бозори ўртасидаги узвийликни янада мустаҳкамлаш, стартап ташаббусларни қўллаб-қувватлаш, ёшларнинг ижодий ва инновацион салоҳиятини рўёбга чиқариш мақсадида ташкил этилди.
Тадбир давомида иштирокчилар етакчи корхона ва ташкилотларнинг бўш иш ўринлари ҳамда амалиёт дастурлари билан танишиш, иш берувчилар билан бевосита мулоқот ўрнатиш, кадрлар бўлими масъуллари иштирокидаги суҳбатларда қатнашиш имкониятига эга бўлди.
Мазкур кўргазмада мамлакатимиздаги 100 дан ортиқ йирик иш берувчи корхоналар, тижорат банклари, шунингдек, ўн минг нафарга яқин талаба-ёш иштирок этмоқда.

– Олий таълим ташкилотларининг талаба-ёшлари ва битирувчилари учун ташкил этилган йирик касб ва имкониятлар кўргазмаси — “TalabaExpo–2026”га ёшлар катта қизиқиш билан қарамоқда, – деди Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси битирувчиси Асадбек Муртазоев. - Ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларнинг касбий салоҳиятини ривожлантириш ҳамда меҳнат бозоридаги замонавий талаблар билан яқиндан таништириш мақсадида ташкил этилган кўргазмада тадбиркорлик соҳаси бўйича янги билим ва кўникмаларга эга бўлдим. Шунингдек, бизнес юритишнинг замонавий усуллари, стартап лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш механизмлари ҳақида муҳим маълумотларга эга бўлдим. Бундай тадбирлар ёшларнинг касбий ривожланиши, меҳнат бозорида муносиб ўрин эгаллаши ҳамда ўз бизнес ғояларини ҳаётга татбиқ этиши учун муҳим майдон вазифасини ўтамоқда.

Мазкур академия битирувчиси Аҳрорбек Қодиров ҳам “TalabaExpo–2026” кўргазмасида иштирок этди. У келгусида ёшларнинг билим ва кўникмаларини оширишга қаратилган ўқув марказини ташкил этиш ҳамда инновацион ғоялар асосида стартап лойиҳаларни амалга оширишни мақсад қилган.
Аҳрорбек Қодировнинг айтишича, кўргазма давомида у тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш, стартап лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва ривожлантириш, инвестиция жалб этиш ҳамда бизнесни самарали бошқариш бўйича муҳим маълумотларга эга бўлди. Шунингдек, турли ташкилотлар ва мутахассислар билан мулоқот қилиш орқали таълим соҳасида янги лойиҳаларни амалга ошириш ва замонавий ўқув марказлари фаолиятини ташкил этиш бўйича амалий кўникмаларни ўзлаштирди.
– Ушбу кўргазма мен учун катта тажриба мактаби бўлди. Бу ерда стартап лойиҳаларни амалга ошириш, тадбиркорликни бошлаш ва таълим соҳасида инновацион ғояларни рўёбга чиқариш учун зарур бўлган билимларга эга бўлдим, - деди Аҳрорбек Қодиров. – Келгусида замонавий ўқув марказини ташкил этиб, ёшларнинг касбий ва шахсий ривожланишига ҳисса қўшишни мақсад қилганман.

Кўргазма доирасида ёшларга тадбиркорлик фаолиятини бошлаш, бизнес ғояларини амалга ошириш ва молиявий қўллаб-қувватлаш механизмлари юзасидан маслаҳат ва йўл-йўриқлар ҳам берилмоқда. Хусусан, «Келажак тадбиркорлиги» дастури доирасида олий таълим муассасалари битирувчиларининг бизнес ташаббусларини қўллаб-қувватлашга қаратилган имтиёзли кредитлар ва бошқа имкониятлар тақдим этилди.
Мазкур тадбир ёшларнинг меҳнат бозоридаги рақобатбардошлигини ошириш, уларни иш билан таъминлаш ва тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этиш йўлидаги муҳим платформалардан бирига айланаётгани билан эътиборга молик.
Назокат Усмонова,
Фарҳод Абдурасулов (сурат),
ЎзА мухбирлари