Таълимдаги янги давр: бир вазирлик, ягона тизим ва сифат учун янги ёндашув
Таълимдаги ислоҳотлар: Боғча, мактаб, университет – энди улар ягона тизим. Бу фарзандларимиз келажагига қандай таъсир қилади?

«Таълим соҳасидаги бугунги янгиланишларнинг асосий мазмун-моҳияти нимада?» деган савол кўпчиликни қизиқтираётгани табиий. Чунки гап фақат икки вазирликнинг бирлаштирилиши ҳақида эмас, балки фарзанд боғчага кирган кундан бошлаб, университетни тамомлаб, меҳнат бозорига чиққанга қадар унинг таълим йўлини қандай ташкил этиш ҳақида кетмоқда. Янги ёндашувнинг энг муҳим жиҳати шундаки, таълим тизими энди алоҳида-алоҳида бўлимлар эмас, ягона занжир сифатида кўриб чиқилади. Боланинг 5 ёшида боғчада олган кўникмаси унинг 10 ёшида мактабдаги натижасига, мактабда олган билими эса кейинги касбий ёки олий таълимига бевосита таъсир қилади. Демак, боғча, мактаб, профессионал таълим ва университет бир-биридан узилиб қолмаслиги керак.
Тасаввур қилайлик, бир оилада фарзанд дунёга келди. У аввал боғчага боради, кейин мактабга киради, 9 ёки 11 синфни тамомлаб, лицей, коллеж ёки университетга ҳужжат топширади. Унинг таълим йўлида камида тўртта босқич бор. Агар ҳар бир босқич ўзича ишласа, муаммо пайдо бўлади: боғчада берилган кўникмалар мактаб талабига мос келмаслиги, мактаб дастури университет талабларидан узилиши, университетда берилган билим эса меҳнат бозори эҳтиёжларига жавоб бермаслиги мумкин. Янги тизимнинг асосий мақсади — ана шу узилишларни камайтиришдир. Энди мактабгача таълим, умумий ўрта ва ўрта махсус таълим, касбий таълим, олий таълим, олий таълимдан кейинги таълим, қайта тайёрлаш ва малака ошириш, шунингдек, қўшимча ва норасмий таълим соҳалари бўйича ягона давлат сиёсати юритилади. Бу шунчаки «ҳамма бир идорага қаради» дегани эмас, балки таълимнинг ҳар бир босқичи кейинги босқичга тайёрлайдиган яхлит тизимни шакллантириш демакдир.
Янги тизимда Таълим ва илм-фан вазирлигига катта вазифалар юкланмоқда. Вазирлик мактабгача таълимдан тортиб олий таълимгача бўлган муассасалар фаолиятини ташкил этиш, уларнинг операцион жараёнлари учун масъул бўлиш, таълимга қўйиладиган талабларни белгилаш, аккредитация ва лицензиялаш каби масалалар билан шуғулланади. Айтайлик, янги хусусий мактаб очилмоқчи. Илгари муассаса учун турли жараёнлар, талаблар ва масъул ташкилотлар ўртасида ҳаракат қилиш мураккаб эди. Ягона тизимнинг вазифаси бу жараёнларни аниқ, тушунарли ва самарали ташкил этишдан иборат. Яъни фуқаро учун «Қайси масала билан кимга мурожаат қиламан?», деган саволга жавоб аниқ бўлиши, бюрократия камайиб, масъулият аниқлашиши лозим.
Ислоҳотнинг яна бир муҳим саволи — “Биз мактабни тугатган боладан нимани кутяпмиз?” Фақат формула ёдлаган, қоидани ёддан айтиб берган ёки имтиҳондан ўтишга тайёрланган ўқувчини эмас. Замонавий дунёда битирувчи маълумотни топа олиши, уни таҳлил қилиши, муаммога ечим излаши, технологиядан тўғри фойдаланиши, мулоқот қила олиши ва мустақил қарор қабул қилиши керак. Шунинг учун «ўзбек мактаби битирувчисининг портрети» ғояси жуда муҳим. Масалан, 11-синфни битирган ўқувчига «Интернетда тайёр жавобни топ» дейиш осон, аммо унга «Маҳаллангиздаги экологик муаммони аниқланг, сабабини ўрганинг ва ечим таклиф қилинг» дейилса, унинг ҳақиқий кўникмаси намоён бўлади. Демак, таълим натижаси фақат баҳо билан эмас, бола ҳаётда нимани қила олиши билан ҳам ўлчаниши керак.
Ислоҳотнинг яна бир муҳим йўналиши — олий таълимда давлат аралашувини кескин қисқартириш ва университетлар мустақиллигини кенгайтиришдир. Тасаввур қилайлик, икки университет бор. Биринчи университет янги дастурлар жорий қилади, кучли профессорларни жалб этади, хорижий ҳамкорликни ривожлантиради, талабаларга амалиёт имкониятларини яратади. Иккинчи университет эса ўзгаришга шошилмайди. Агар уларга бир хил имконият ва мустақиллик берилса, вақт ўтиши билан талабанинг ўзи «Мен қаерда сифатли билим оламан?» деб танлов қила бошлайди. Мана шу ерда соғлом рақобат ишга тушади. Университетнинг нуфузини фақат ном ёки бино эмас, унинг битирувчиси, таълим сифати ва меҳнат бозоридаги талаб белгилаши керак. Иш берувчи икки номзоддан бирини танлаётганда «қайси диплом чиройлироқ?» деб эмас, «қайси битирувчи ишни яхши бажара олади?» деб қараса, таълим муассасалари ҳам сифат учун курашишга мажбур бўлади. Шунинг учун университет мустақиллиги фақат ҳуқуқ эмас, катта масъулият ҳамдир.
Янги ёндашувда нодавлат сектор учун имкониятларни кенгайтириш ҳам муҳим йўналиш сифатида белгиланмоқда. Агар давлат ва хусусий таълим муассасалари ўртасида соғлом рақобат шаклланса, биринчи навбатда ўқувчи ва талаба ютади. Масалан, хусусий университет янги ўқув методикасини жорий қилса ва талабалар унга қизиқса, давлат университетлари ҳам ўз дастурларини қайта кўриб чиқишига тўғри келади. Аксинча, давлат университети юқори сифатли таълим берса, хусусий сектор ундан ўрнак олади. Бунда асосий мезон битта: «Қайси муассаса ҳақиқатан сифатли таълим беряпти?» Бу саволга энг яхши жавобни рақобат, талабалар танлови ва меҳнат бозори беради.
Ҳар қандай ислоҳотнинг ҳақиқий натижаси оддий инсон ҳаётидаги ўзгариш билан ўлчанади. Шунинг учун икки вазирликнинг бирлашишига фақат ташкилий ўзгариш сифатида қараш тўғри эмас. Бу — таълимнинг бутун ҳаёт циклига янгича қарашдир. Бола боғчага кирган пайтдан бошлаб, университетни битириб, биринчи иш жойига киргунга қадар унинг таълим йўли бир-бири билан узвий боғланган бўлиши керак. Асосий мақсад — вазирликни эмас, тизимни ўзгартириш. Бугун дунё жуда тез ўзгармоқда. Кеча керак бўлган касб ва кўникма эртага етарли бўлмаслиги мумкин. Шунинг учун таълим тизими ҳам ўзгаришдан қўрқмайдиган, ўз хатосини тан олиб, уни тузата оладиган тизим бўлиши керак. Янги ислоҳотларнинг энг катта маъноси ҳам ана шунда.
Баҳора АҲМЕДОВА,
Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари маслаҳатчиси.
ЎзА