Таълимда имкониятлар кенгаймоқда
Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси томонидан ўқитиш сифатини янада ошириш ҳамда илғор тажрибаларни оммалаштириш мақсадида Андижон вилояти Асака туманидаги 6-умумтаълим мактабида “Вариатив таълим – келажак сари муҳим қадам” мавзусида семинар-тренинг бўлиб ўтди.
Семинарда вилоятдаги вариатив ўқув дастури асосида олиб бориладиган синфлар жорий этилган 43 та мактабнинг ўқув ишлари бўйича директор ўринбосарлари ва ўқитувчилари иштирок этди.

– Вариатив ўқув дастурини жорий этишдан мақсад, ўқувчиларнинг ўзи қизиққан фанларни чуқур ўрганишига шароит яратишдан иборат, – дейди Андижон вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Исмоил Мирзаев. – Қолаверса, мактаб битирувчиларининг олий ўқув юртига кириш имтиҳонига тайёргарлик кўришига кўмаклашиш, юқори синфларда ўқув жараёнини касбларга йўналтирилган ҳолда ташкил этишга қаратилган.


Семинар доирасида 14 та очиқ дарс ташкил этилиб, унда “Занжирли имло”, “Югуриб иншо ёзиш”, “Яхши ўқиш учун мукофот керакми?” каби инновацион ёндашувлар асосида дарсларни самарали ташкил этиш, синф муҳитини бошқариш, ўқувчиларни дарсга жалб этиш ва хавфсизлик кўникмаларини шакллантириш, шунингдек, мазкур йўналишдаги ишларнинг сифати ва самарадорлигини ошириш юзасидан таклиф ва тавсиялар берилди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (фото),
ЎзА мухбирлари.