Таълим ва тарбия сифати янада юксалади
Андижон вилояти Избоскан туманида «Мактабгача таълим тизими: кеча ва бугун» мавзусида семинар ўтказилди.
Андижон вилояти Мактабгача таълим бошқармаси, Избоскан тумани мактабгача таълим бўлими ҳамкорлигида ўтказилган семинарда педагог кадрлар малакасини ошириш, фаолиятга янги, инновацион усулларни жорий этиш, тарбияланувчиларга сифатли таълим бериш масалалари хусусида атрофлича сўз юритилди.
Бугунги кунда Андижон вилоятида 1 минг 631 та мактабгача таълим ташкилоти фаолият олиб бормоқда. Шундан 532 таси давлат, 25 таси хусусий, 929 таси оилавий нодавлат, 145 таси давлат хусусий шерикчилик асосидаги нодавлат мактабгача таълим ташкилотларидир.

– Айни кунда вилоятдаги боғча ёшидаги болаларнинг 60 фоизи таълим муассасаларига жалб этилган, - дейди вилоят Мактабгача таълим ташкилоти бошлиғи Азизбек Азимов. - Мулкчилик шаклидан қатъи назар барча мактабгача таълим ташкилотларида болажонларни ҳар жиҳатдан етук ва баркамол тарбиялаш, уларда бошланғич таълим кўникмаларини шакллантириш, хусусан, педагог кадрларнинг билим ва малакасини ошириш бўйича зарур ишлар олиб борилмоқда.
Семинар қатнашчилари тумандаги 5-, 6- давлат ҳамда «Афсона болажон» деб номланган давлат хусусий шерикчилик асосидаги мактабгача таълим ташкилотлари фаолияти, ушбу муассасаларда мутахассислар малакасини, тарбиявий ишлар сифати ва самарадорлигини ошириш бўйича олиб борилаётган ишлар, илғор тажрибалар билан танишди.
Семинар давомида мутахассислар ҳамда иштирокчилар томонидан мазкур йўналишдаги ишлар, тарбия ва таълим сифатини янада юқори бсқичга кўтариш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.

Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА