Таълим ва илмга бахшида умр ёхуд забардаст иқтисодчи олимнинг муваффақият формуласи
.
Бу гулшан ичра йўқдур бақо гулига сабот,
Ажаб саодат эрур, яхшилик бирла чиқса от.
Алишер Навоий
Сўз мулкининг султони ҳазрат Алишер Навоий ўзининг ўлмас сатрларида таъкидлаганидек, бу фоний дунё боғида ҳеч бир гул абадий қолмайди. Бироқ инсон шу гўзал ҳаёт боғини ўз меҳнати билан яшнатиши, ундан ҳақиқий саодат ва олам-олам қувонч топиши мумкин. Асл саодат эса эл дуосига сазовор бўлган хайрли амаллар билан яшаб, яхши ном қолдиришдир.
Илм соҳаси ана шундай завқли ва порлоқ ҳаёт йўлидир. Бу йўлда тинимсиз изланиш, ёшларнинг кўзидаги билимга бўлган чақноқликни кўриш ва уларнинг муваффақиятидан севиниш инсонга чинакам хуш кайфият ва ички хотиржамлик бағишлайди. Бугун ана шундай шарафли йўлни қалб амрига айлантирган, илм-фан фазосида ва олий таълим тизимида ўз ўрнига эга, доимо жисмида шижоат ва қалбида эзгулик ила яшовчи инсон – иқтисод фанлари доктори, профессор Шерзод Игамбердиевич Мустафакуловнинг таълим ва илмга бахшида этилган сермазмун муваффақият формуласи ҳамда мураббийлик фазилатлари ҳақида сўзлашга жазм этдик.

Инсоннинг муваффақият формуласи қаердан бошланади? Унинг илк унсурлари, шубҳасиз, у туғилиб ўсган маскан ва оила муҳитидаги тарбияга бориб тақалади. Шерзод Игамбердиевич 1977 йилнинг олтин кузида, Самарқанд вилоятининг кўҳна замини бўлмиш Каттақўрғон шаҳрида дунёга келган. Унинг кўнглидаги илмга бўлган ташналик ва тиришқоқлик ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабини аъло баҳолар билан зафарли тамомлашида асос бўлди. Унинг қалбидаги рақамлар, иқтисодий қонуниятлар ва жамият ривожига бўлган қизиқиш ва илм эҳтиёжи иқтисод соҳасининг етук олими сифатида жамиятда ўз ўрнини эгаллашига замин яратиб, соҳанинг етук мутахассисига айлантирди.
Ҳақиқий олимлик ва забардастлик унвони заҳматли меҳнат эвазига келди. Шерзод Мустафакулов ўз илмий формуласини изчил бойитиб, 2025 йилда Макроиқтисодий АСМ ихтисослиги бўйича номзодлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилди. У нафақат тадқиқотчи, балки ўз билимларини шогирдларига улашишдан завқланадиган ҳақиқий педагог эди. Шерзод Мустафакулов Тошкент Давлат иқтисодиёт университети кафедраларида ассистент, катта ўқитувчи, кейинчалик эса доцент сифатида фаолият юритди, юзлаб талабаларга дарс берди. 2012-2013 йилларда Тошкент Давлат Иқтисодиёт университети “Саноат иқтисодёти” кафедраси мудири вазифасида ишларкан, унда ташкилотчилик ва раҳбарлик қобилиятлари яққол кўзга ташланди. 2017 йилларда Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академиясида “Инвестициялар” кафедраси мудири ва факультет декани масъул лавозимларида меҳнат қилди. Олимнинг нигоҳи ҳамиша жаҳон андозаларига қаратилган эди. Шу боис “Erasmus+” лойиҳаси доирасида Европанинг етакчи давлатларида малака оширди. 2011 йил Германия давлатида илмий стажировка, 2013 йил Люксембургда халқаро тажриба алмашинувида иштирок этди, 2014-2015 йилларда Грециядаги Александр номидаги Технологиялар ва таълим институтида чуқурлаштирилган илмий изланишлар олиб борди. Бу каби халқаро тажрибалар унга иқтисодиёт ва таълимни бутунлай янгича нигоҳ билан кўриш имконини берди. Натижада, 2017 йилда Банк-молия академияси ҳузуридаги Илмий Кенгашда докторлик (DSc) диссертaциясини ҳимоя қилди.
Шерзод Мустафакулов фақат назариётчи олим бўлиб қолмади, балки амалиётчи, таълим тизимининг ҳақиқий реформатори сифатида майдонга чиқди. 2017 йил сентябридан ТДИУда “Университет 3.0” халқаро ўқув ва илмий-инновaцион тадқиқотлар маркази директори ва Илмий ишлар проректори сифатида университетнинг илмий салоҳиятини янги босқичга кўтарди. Кейинчалик ушбу шижоатли олимнинг ҳаётида яна бир муҳим ва масъулиятли саҳифа бошланди. 2020-2022 йилларда у Қўқон университети ректори сифатида фаолият юритди. У қисқа вақт ичида университетда олий таълимни ривожлантириш, университет ёшларини замонавий технологиялар ва инновaцион фаолиятга кенг жалб этиш борасидаги ислоҳотлар ҳамда “Янги Ўзбекистон – янги имкониятлар” тамойилининг амалий ифодасини жорий этиб, университетнинг ҳар томонлама мавқеини ошириш ва инновaцион ривожланиш стратегиясини кучайтиришга эътибор қаратди.
Шерзод Мустафақуловнинг илм йўлидаги хизматлари учун 2022 йилда Олий аттестaцияси комиссияси (ОАК) томонидан Профессор илмий унвони берилди. Бугунги кунда эса Шерзод Мустафакулов Халқаро Нордик университети ректори сифатида мамлакатимизни етук кадрлар билан таъминлаш йўлида сидқидилдан, катта ғайрат ва шижоат билан меҳнат қилмоқда. Унинг раҳбарлигида ушбу олийгоҳ қисқа фурсатда ўзига хос нуфузига эга бўлди. Университет фин ва ўзбек ҳамкорлигининг илк йирик натижаси, Финляндия олий таълим тизимининг Ўзбекистондаги ягона акси, Тошкентдаги биринчи таълим кластеридир. Университет қошида Foundation мактаби, 22 та бакалавриат йўналиши (кундузги, кечки) ва 16 та магистратура мутахассислиги ва 6 та PhD ихтисослиги бўйича замонавий мутахассислар тайёрламоқда.
Халқаро Нордик университетида ректор раислигида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестaция комиссиясининг қарори асосида илмий даража берувчи Илмий кенгаш тузилди. Талабаларга магистратурани тугатгач, университетда докторантура ва мустақил изланувчилик институтига кириб, илмий тадқиқотларини давом эттиришлари учун имконият яратилди. Университетда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникaциялар агентлигининг № 057211 рақамли Гувоҳномаси асосида “Nordic” илмий-амалий электрон журнали нашр этилмоқда. Журналда ўзбек, рус, инглиз ва фин тилларида илмий мақолалар нашр этилади. Академик фаолиятини ривожлантириш учун ўқув қўлланмалар ва дарсликлар ёзмоқчи бўлган талабалар учун “Nordic” нашриёти очилди. Шимолий Европа мамлакатлари компаниялари билан ўрнатилган шартномаларга мувофиқ, университет талабалари манзилли равишда “Work and Travel” дастури орқали уч ойгача хорижга юборилмоқда. Асосий мақсад таълим жараёнига замонавий фин педагогик технологиялари ва моделларини жорий этиш, очиқ ахборот-таълим муҳитини ривожлантириш, олий таълим – илм-фан – ишлаб чиқариш интеграцияси асосида илмий-тадқиқотлар фаолияти ва инновaцон-корпоратив ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш ҳамда малакали мутахассисларни тайёрлашдан иборатдир.
Олимнинг муваффақият формуласидаги энг асосий компонент айнан мана шу – жамиятга ва ёшларга керакли инсон бўлиш ва илмий кашфиётлар қилиб, ҳар томонлама етук кадрлар сифатида мамлакатимиз тараққиётига қўшадиган ҳиссасида эканлигига комил ишонч билдириб, уларни қўллаб-қувватлашда, деб билади. Шерзод Мустафакулов ўз жамоаси профессор-ўқитувчилари ва талабалари билан учрашувларда Шарқ Ренессансининг йирик номояндаси Абу Наср Фаробийнинг “Фозил одамлар шаҳри” асарида баён этилган раҳбар ва ҳар бир шахснинг жамиятда ўрнини топиши учун 12 та туғма ва оттирилган фазилат, маънавий ва интеллектуал қиёфада бўлиши лозимлигини, яъни тани сиҳатлик, ўткир зеҳн ва фаросат, мустаҳкам хотира, идрок ва донолик, нотиқлик ва гўзал нутқ, илмга муҳаббат, нафсни тия билиш, ҳақиқатгўйлик, олийжаноблик ва ор-номус, дунё бойлигига берилмаслик, адолатпарварлик сифатларини жамлашни бот-бот таърифлайди.
Профессор Мустафакулов яратган илмий мактаб жуда серқирра ва бугунги кун фан ривожида ҳам муҳим аҳамиятга эга. Унинг муаллифлигида 170 дан зиёд илмий мақолалар, дарсликлар, монографиялар ва луғатлар нашр этилган. Унинг китоблари шунчаки қуруқ фактлардан иборат эмас, уларда муаллифнинг қалб қўри, иқтисодиёт илмига бўлган чексиз муҳаббати сезилиб туради. Айниқса, ушбу асарлар бугун талабалар ва китобхонлар томонидан катта қизиқиш билан ўрганилмоқда: “Mikroiqtisodiyot: masalalar, namunalar, topshiriqlar, testlar”, “Макроиқтисодиёт” ва “Халқаро молия” дарсликлари, “Иқтисодиёт илми осмонида юлдузга айланганлар” илмий-оммабоп рисоласини алоҳида таъкидлаш жоиздир. Унинг раҳбарлигида бугун ўнлаб ёшлар ўз докторлик ишларини ҳимоя қилиб, катта ҳаётга муваффақиятли қадам қўймоқдалар.
Бугунги замонавий раҳбар рақамли технологияларни тушунадиган, таҳлил қиладиган, мулоқотга тайёр, ўзгаришларга мослаша оладиган ва энг муҳими, давлат ва жамият олдидаги масъулиятини чуқур ҳис этадиган бўлиши керак. Профессор Шерзод Мустафакуловнинг ҳаёт йўли – бугунги кун ёшлари учун ана шундай ҳақиқий ибрат мактабидир.
Каттақўрғоннинг оддий маҳалласидан чиқиб, халқаро миқёсдаги олим ва ректор даражасига кўтарилиш ортида қанчалик буюк меҳнат, ирода ва ҳаётга бўлган чексиз муҳаббат ётганини ҳис қилиш қувончлидир. Устоз Янги Ўзбекистоннинг учинчи Ренессанси пойдеворини қўйишда, юртимизни жаҳонга танитишда сидқидилдан хизмат қилишда давом этмоқда. Илм, таълим-тарбияга бахшида қилинган ва атрофга фақат яхшилик улашувчи бундай умр эса ҳамиша эъзозга ва таҳсинга лойиқдир.
Д.МИРАЛИЕВА,
Педагогика кафедраси мудири.
Д.АДИЛОВА,
Педагогика кафедраси доценти.