Таълим ва амалиёт уйғунлиги: Федерация ҳузурида Академик департамент шўъбаси очилди
Мамлакатимизда юридик таълим сифатини ошириш, юқори малакали ҳуқуқшунос кадрлар тайёрлаш ҳамда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган ҳамкорлик изчил ривожланмоқда.
Шу мақсадда Тошкент давлат юридик университети ҳамда Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ўртасида 2026 йил 13 апрель куни имзоланган ҳамкорлик меморандуми ва уни амалга ошириш бўйича тасдиқланган “Йўл харитаси” доирасида қатор амалий лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда.

Жумладан, 2026 йил 23 июндан 25 августга қадар университетнинг 189 нафар талабаси Федерациянинг ҳудудий бирлашмалари ҳамда туман (шаҳар) жамиятларида ёзги стажировка ўтамоқда. Унда талабалар мурожаатлар билан ишлаш, медиация, суд-даъво ишларини юритиш, ҳуқуқий тарғибот ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги бошқа йўналишларда назарий билимларини амалий фаолият билан мустаҳкамламоқда.
Меморандум ижросининг муҳим натижаларидан бири сифатида 2026 йил 6 июль куни Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ҳузурида Тошкент давлат юридик университети Бизнес ҳуқуқи ва суд ҳимояси факультети Академик департаменти шўъбасининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Федерация раиси Жаҳонгир Саримсоқов ҳамда Тошкент давлат юридик университети ректори Бахшилло Ходжаев иштирок этди.
Таъкидланганидек, мазкур ташаббус таълим, илм-фан ва амалиёт интеграциясини мустаҳкамлаш, талабаларнинг амалий тайёргарлигини ошириш, соҳада илмий тадқиқотларни ривожлантириш ва замонавий талабларга жавоб берадиган ҳуқуқшунос кадрларни тайёрлашда муҳим аҳамият касб этади.

Академик департамент шўъбаси истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларни илмий ва амалий жиҳатдан ўрганиш, талабаларнинг касбий кўникмаларини ривожлантириш, ҳуқуқий тарғибот ишларини кучайтириш ҳамда илмий-таҳлилий тадқиқотларни амалга оширишга хизмат қилади.
Шўъба доирасида мурожаатларни кўриб чиқиш, шартномавий низоларни ҳал этиш, судгача келишув ва медиация жараёнлари, суд-даъво амалиёти, қонунчилик ижросини таҳлил қилиш, шунингдек, ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштиришга оид илмий-амалий таклифлар ишлаб чиқиш режалаштирилган.

Шунингдек, университет профессор-ўқитувчилари, талабалар ва Федерация мутахассислари иштирокида клиник семинарлар, амалий кейслар таҳлили, давра суҳбатлари ҳамда ҳуқуқий тарғибот тадбирлари мунтазам ўтказилади. Таълим жараёнига амалий ўқитиш, стажировка ва дуал таълим элементларини кенг жорий этиш, ўқув дастурларини соҳа эҳтиёжлари асосида такомиллаштириш ҳам шўъбанинг устувор вазифалари ҳисобланади.
Мазкур ташаббус юридик таълим ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти ўртасидаги ўзаро интеграцияни янада мустаҳкамлаш, рақобатбардош ва юқори малакали ҳуқуқшунос кадрлар тайёрлаш, шунингдек, мамлакатимизда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини янада ривожлантиришга хизмат қилади.
ЎзА