Таълим тизимидаги ислоҳотлар самараси
Мамлакатимизда таълим соҳасини тубдан такомиллаштириш, сифатли таълим жараёнларини йўлга қўйиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Президентимизнинг 2019 йил 8 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони асосида Олий таълим тизимини ривожлантириш концепцияси тасдиқланган эди. Мазкур концепция олий таълимни тизимли ислоҳ қилишнинг устувор йўналишларини белгилаб берди, замонавий билим ва юксак маънавий-ахлоқий фазилатларга эга, мустақил фикрлайдиган юқори малакали кадрлар тайёрлаш жараёнини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришга, олий таълимни модернизация қилиш, илғор таълим технологияларига асосланган ҳолда ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқларини ривожлантиришга хизмат қилади.
Унга кўра, 2030 йилда ўрта таълимни битирган абитуриентларнинг 50 фоизи олий ўқув юртларига киришини таъминлаш кўзда тутилган. Шунингдек, республикамиздаги камида 10 та олий таълим муассасасини халқаро эътироф этилган ташкилотлар (Quacquarelli Symonds World University Rankings, Times Higher Education ёки Academic Ranking of World Universities) рейтингининг биринчи мингта ўриндаги олий таълим муассасалари рўйхатига, шу жумладан, Ўзбекистон Миллий университети ва Самарқанд давлат университетини биринчи 500 та ўриндаги олий таълим муассасалари рўйхатига киритиш назарда тутилган.
Мазкур концепцияда кўзда тутилган мақсад-вазифалар асосида Тошкент давлат юридик университетида ҳам таълим жараёнларини сифатли ташкил этиш, хорижий таълим муассасалари билан кенг ҳамкорликни йўлга қўйиш, ўз соҳасининг етук мутахассисларини таълим жараёнларига жалб этиш борасида фаол ишлар амалга оширилмоқда.
Бу каби саъй-ҳаракатлар, албатта, ўз натижасини кўрсатмоқда. Яқинда Буюк Британиянинг олий таълим соҳасига оид муҳим масалаларни ёритувчи ва университетлар фаолиятини баҳолаб борувчи Times Higher Education ташкилоти ўзининг навбатдаги THE Impact Ranking рейтинги натижаларини эълон қилди. Ушбу рейтингда Тошкент давлат юридик университети дунёнинг 94 та минтақа ва давлатларидан қатнашган минглаб университетлар орасида 401-ўринни эгаллади. Тошкент давлат юридик университети мазкур рейтингда Ўзбекистондаги олий таълим муассасалари орасида энг юқори натижани қайд этди. Жумладан, университет THE Impact Ranking рейтингининг 7 та йўналишида иштирок этиб, таълим сифати бўйича 201-ўрин, гендер тенглиги бўйича 401-ўрин, муносиб иш жойи ва иқтисодий ўсиш бўйича 201-ўрин, саноат, инновация ва инфратузилма бўйича 401-ўрин, тенгсизликни қисқартириш бўйича 401-ўрин, тинчлик, адолат ва кучли институтлар йўналиши бўйича 201-ўрин, барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлидаги ҳамкорлик йўналиши бўйича 401-ўринга лойиқ топилди.
Қайд этиш жоизки, The Times Higher Education Impact Ranking рейтинги университетларни БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича баҳолайдиган тизим ҳисобланади. 2021 йилги рейтингга дунёнинг 1 минг 115 та университети кирган. Демак, дунёдаги кўзга кўринган университетлар орасида бизнинг таълим масканимиз ҳам муносиб ўрин олиши мамлакатимиз таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасидан, университет доирасида йўлга қўйилган ишлар натижасидан дарак беради.
Дарҳақиқат, бугунги кунда олий таълим тизими тубдан ривожланиб бораётир. Тизимда узоқ йиллар давомида йиғилган муаммолар босқичма-босқич ҳал этиляпти, соҳада шаффофликка эришилмоқда, тартиб-қоидалар соддалаштирилаётир. Албатта, бу борадаги амалий ишлар таълим сифати, миллий таълим тизимимизнинг халқаро стандартларга жавоб бера олиши, ёшларнинг олий таълим олишга бўлган интилишига ўз таъсирини кўрсатмоқда.
Дилсўз Зоирова,
Тошкент давлат юридик университети ўқитувчиси.