Таълим тизими янги босқичга чиқмоқда
Жиззах вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ташаббуси билан ўтказилган пресс-тур ва матбуот анжумани соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини очиб беришга хизмат қилди. Унда оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналистлар ва эркин ижодкорлар иштирок этиб, таълим тизимидаги ўзгаришлар билан жойида танишиш имконига эга бўлишди.
Тадбир Жиззах шаҳридаги 39-сон давлат мактабгача таълим ташкилотида брифинг билан бошланди. 1989 йилда ташкил этилган мазкур муассаса узоқ йиллар таъмирга муҳтож ҳолатда бўлган. 2025 йилда эса давлат бюджети ҳисобидан қарийб 7,6 миллиард сўм ажратилиб, тўлиқ реконструкция қилинди. Бугун бу ерда яратилган замонавий шароитлар ва илғор таълим усуллари иштирокчиларда ижобий таассурот қолдирди.
Шундан сўнг тадбир бошқарма биносида матбуот анжумани тарзида давом этди. Очиқ мулоқот руҳида ўтган анжуманда соҳадаги муаммолар, таклиф ва ташаббуслар муҳокама қилиниб, журналистларнинг саволларига аниқ ва асосли жавоблар берилди. Бу эса таълим тизимида очиқлик ва шаффофлик таъминланаётганидан далолат беради.
Маълумотларга кўра, бугунги кунда вилоятда жами 2325 та таълим муассасаси фаолият юритмоқда. Шундан 600 таси мактаб, 1709 таси мактабгача таълим ташкилотларидир. Мактабгача таълим қамрови 79 фоизга етказилиб, 114 мингдан ортиқ бола қамраб олинган. Айниқса, 6 ёшли болаларнинг 96,1 фоизи мактабгача таълим билан қамраб олингани эътиборлидир. Нодавлат сектор улушининг 42,3 фоизга етгани эса соҳада хусусий ташаббуслар фаоллашаётганини кўрсатади.
Педагог кадрлар салоҳиятини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳозир ўқитувчиларнинг 92 фоизи олий маълумотли бўлиб, уларнинг улуши йил сайин ортиб бормоқда. Шунингдек, ойлик маоши 1000 доллардан юқори бўлган ўқитувчилар сони 1029 нафарга етган.
Инфратузилмани ривожлантириш борасида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилди. Хусусан, 2023–2025 йилларда 420 миллиард сўмдан ортиқ маблағ эвазига 156 та таълим объектида қурилиш ва таъмирлаш ишлари бажарилди.
Таълим жараёнига инновацион ёндашувлар ҳам изчил жорий этилмоқда. Жорий ўқув йилида 164 та мактабда янги баҳолаш тизими татбиқ этилди, 20 та мактабда эса ўқувчиларни касб-ҳунарга ўқитиш йўлга қўйилди. Шу билан бирга, хорижий мутахассислар жалб қилиниб, халқаро тажрибалар асосида таълим сифати оширилмоқда.
2026 йилга мўлжалланган устувор вазифалар ҳам аниқ белгилаб олинган. Жумладан, мактабгача таълим қамровини янада кенгайтириш, барча 6 ёшли болаларни тўлиқ қамраб олиш, олий ва биринчи тоифали ўқитувчилар улушини 34 фоизга етказиш режалаштирилган. Шунингдек, янги баҳолаш тизимини оммалаштириш, хорижий мутахассислар сонини ошириш ва ўқувчиларнинг олий таълимга кириш кўрсаткичини 50 фоизга етказиш кўзда тутилган.
[gallery-28702]
Хулоса қилиб айтганда, Жиззах вилоятида таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар нафақат рақамларда, балки амалда ҳам ўз самарасини кўрсатмоқда. Бу эса келажак авлоднинг билимли ва рақобатбардош кадрлар бўлиб етишишига мустаҳкам замин яратмоқда.
А. Қаюмов, Ж. Ёрбеков (сурат), ЎзА