Таълим тизими: ислоҳот, амалиёт ва самара
Тошкент вилояти Зангиота туманида Мактабгача ва мактаб таълими тизимидаги педагог ходимлар учун “Устозлар миллий форуми” ўтказилди. Унда вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Элёр Акбаров сўзга чиқиб, барча тизим мутахассисларини яқинлашиб келаётган Мустақиллик байрами ва билимлар куни билан табриклади.
Ўтган ўқув йилида вилоят ўқитувчилари ва ўқувчилари эришган салмоқли натижалар таҳлил қилинди. Тадбирда соҳада самарали меҳнат қилган илғор ўқитувчи ва мураббийлар тақдирланди. Маълумки, “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да мамлакатимиз ёшларини таълим-тарбиясига, уларнинг замонавий фан ва технологиялардан чуқур билим олишларига эътибор кучайтирилмоқда.
[gallery-13150]
Аввало, таълим ва мактабгача таълим тизимига алоҳида эътибор қаратилиб, вилоятдаги 3-7 ёшли болалар қамровини 2022 йилдаги 69 фоиздан 85 фоизга етказиш чоралари кўрилди. Бундан ташқари, мактаб таълими тизимида Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан жорий йилнинг 1 февралидан Нурафшон шаҳар, Қуйи Чирчиқ ва Янгийўл туманларида учтадан мактабларда тажриба синов тариқасида ўқувчиларга иккита хорижий тил ва битта касбни ўргатиш ишлари амалга оширилди.
– Вилоятдаги 451 мактабда 2023 йил 1 сентябридан биттадан касб ва иккитадан хорижий тилларни ўқитиш тизими жорий этилади, – дейди Тошкент вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бўлим бошлиғи Диёрбек Ҳайдаров. – Яна шуниси ҳам муҳимки, 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб вилоятдаги 200 минг нафардан зиёд бошланғич синф ўқувчиларини давлат бюджетидан бепул соғлом овқатлантириш режага киритилган. Форум ўз ишини шўъбаларга бўлинган ҳолда давом эттирди. Унда бошланғич таълим, математика, физика, кимё, информатика, ахборот технологиялари ва бошқа йўналишларда педагогларнинг малакаси оширилди. Ўз навбатида барча туман-шаҳарлар кесимида мазкур форум бўйича умумтаълим мактаблари кесимида педагогик кенгашлар ўтказилади.
А.Мусаев, Д.Эрназаров (сурат), ЎзА.