Таълим, тиббиёт ташкилотлари ерларини хусусийлаштиришни тақиқлаш лозим – “Адолат” СДП
Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида мактаб ва боғчаларга бўлган эҳтиёж ортиб бормоқда. Шунингдек, аҳоли сонининг ўсиши эса таълим ва тиббиёт ташкилотларига тегишли ер участкаларини сақлаб қолиш масаласининг аҳамиятини янада оширмоқда.
Бундай ҳимоя механизми аҳолининг дам олиши ва маданий-маиший эҳтиёжларини қондириш учун фойдаланиладиган ерларга нисбатан аллақачон жорий этилган. Таълим ва соғлиқни сақлаш муассасаларига тегишли ер участкалари эса ҳозирча ушбу ҳимоя доирасига киритилмаган ва мазкур масала “Адолат” СДП эътибори марказида турибди.
Очиқ манбаларда эълон қилинган маълумотларга кўра, биргина пойтахтда 243-сон умумтаълим мактаби номига расмийлаштирилган объект 2020 йилда очиқ аукционсиз хусусий компанияга сотилган. Собиқ Боровский номидаги тиббиёт коллежи мажмуаси ҳамда Низомий номидаги Ўзбекистон миллий педагогика университетининг бинолари ва уларга бириктирилган ер участкалари эса жорий йилда электрон савдоларга қўйилган.
Бу фақат маълум бўлган ҳолатлар. Таълим ва тиббиёт ташкилотларига тегишлилиги кўрсатилмасдан бегоналаштирилган объектларнинг сони ва кўлами ҳақида яхлит маълумот очиқ манбаларда мавжуд эмас.
Шу билан бирга, ушбу объектларда қонунга зид равишда қурилиш ишлари олиб борилиши ва инсонлар жароҳат олганлик ҳамда аҳоли яшайдиган ҳудудда хавфли вазият юзага келганлик ҳолатлари ҳам мавжуд.
Ушбу маълумотлар ижтимоий аҳамиятга эга ер участкаларидан фойдаланиш масаласи алоҳида эътибор ва пухта ёндашувни талаб этишини кўрсатади. Бундай шароитда мавжуд таълим муассасаси ерининг хусусий тадбиркорга ўтказилиши мантиққа ҳам, ижтимоий адолат тамойилларига ҳам зиддир. Шу боис, таълим ва тиббиёт муассасаларига тегишли ер участкаларини хусусийлаштириш ҳамда бегоналаштиришга йўл қўймаслик, уларни давлат мулки сифатида сақлаб қолиш мақсадга мувофиқдир.
“Адолат” социал-демократик партияси таълим ва тиббиётга оид давлат объектлари ва уларнинг ҳудудларини сотиш, хусусийлаштириш ёки бегоналаштиришни қонун билан тақиқлаш, бундай ҳаракатлар учун жавобгарлик белгилаш бўйича қонун лойиҳасини ишлаб чиқилишини ташаббус қилади.
Шу билан бирга, партия Ҳукуматни қуйидаги чораларни кўришга чақиради:
– сўнгги йилларда таълим ва тиббиёт ташкилотлари балансидан чиқарилган барча объектлар ва ер участкаларини тўлиқ хатловдан ўтказиш, ноқонуний ҳаракатлар аниқланган тақдирда қонун доирасида чора кўриш;
– инвестиция мажбуриятлари шарти билан сотилган объектлар бўйича мажбуриятлар бажарилишини назорат қилиш ҳамда улар бажарилмаган ёки объектнинг мақсадли вазифаси ўзгартирилган тақдирда мулкни давлат ихтиёрига қайтариш механизмини такомиллаштириш.
Таълим ва тиббиёт ташкилотларининг бинолари ҳамда ерлари ижтимоий стратегик ресурс ҳисобланади. Улар келажак авлод манфаатига хизмат қилиши шарт.
“Адолат” СДП матбуот хизмати, ЎзА