Таълим-тарбия учун педагоглар масъул
Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтган Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида улғайиб келаётган авлод тарбиясида маданият, санъат, ижод аҳлининг ўрни беқиёс экани алоҳида таъкидланди. Айни пайтда бундай масъулиятли вазифани адо этишда педагог кадрлар зиммасидаги вазифалар ҳам юксакдир.
Вазирликнинг жорий йил фаолияти сарҳисоби ҳамда келгуси йилдаги истиқболдаги режаларни амалга оширишга доир кенгайтирилган йиғилишида бу жиҳатларга катта эътибор қаратилди.
Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова раҳбарлигида ўтказилган йиғилишда вазирлик ҳамда тизим ташкилотлари томонидан 2023 йилда амалга оширилган ишлар таҳлил этилиб, келгуси фаолият режалари белгилаб олинди.

Кейинги йиллар давомида мамлакатимиз таълим тизимини жаҳон андозалари даражасида ислоҳ этишга, бу борада илғор дунёвий тажрибаларни кенг татбиқ этишга катта эътибор қаратилаётган бўлса, маънавий-ахлоқий тарбия борасида ибратли миллий қадриятларимизга таяниш, бунда жадид боболаримизнинг саъй-ҳаракатларини намуна билиш бугун ҳар қачонгидан ҳам долзарб саналади.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев саъй-ҳаракатлари билан мамлакатимизда ўқитувчиларни мажбурий меҳнатга жалб қилишга бутунлай чек қўйилди. Педагог ходимларнинг хизмат вазифаларини бажаришларига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик кучайтирилди. Таълимда ортиқча қоғозбозлик ва бюрократияга барҳам берилди. Энг муҳими, мактабгача ва мактаб таълими тизими ривожи учун комплекс ёндашув пайдо бўлди.

Жорий йилда юртимизда мактаблар сони 10 минг 163 тага етказилиб, уларда 6,4 миллион нафар ўқувчи таълим-тарбия олмоқда. Мактабларимизга 500 нафар хорижлик мутахассис жалб этилди, келгуси йилда улар сафини янада кенгайтириш режалаштирилмоқда.
Олис ва чекка ҳудудларда дарс ўтиш учун борган педагогларимизга 50 ва 100 фоизлик, халқаро ва миллий фан сертификати учун 20 ва 50 фоизлик махсус устамалар берилмоқда. Сўнгги беш йил давомида малака тоифасига эга ўқитувчилар 220 минг нафардан 285 минг нафарга етди.
Жорий ўқув йилидан республика миқёсида 500 та мактабда билимни баҳолашнинг янги тартиби (форматив ва сумматив баҳолаш) тажриба-синов тариқасида жорий этиш жараёнлари бошланди. Мактабларимизга 500 нафар (Тошкент шаҳридаги барча мактаб) хорижлик мутахассислар жалб этилди, келгуси йил бу рақам янада оширилади.
Кейинги йилларда юртимизда 5 минг 140 та мактабда қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Тошкент шаҳрида бугунги кунда хусусий сектор ҳисобига нодавлат умумтаълим ташкилотлари сони 145 тага етказилди.

Жорий йилнинг 20-26 декабрь кунлари вазирлик томонидан юртимизнинг барча жойларида “Устоз – таълим бунёдкори” шиори остида Ўқитувчилар қурултойи ташкил этилиб, ушбу тадбирларда соҳадаги муаммолар хусусида атрофлича сўз юритилди.
Самимий мулоқот шаклида ўтказилган мазкур тадбирларда Мактабгача ва мактаб таълими вазири, вазир ўринбосарлари ва масъуллар томонидан жорий йил давомида таълим соҳасини ҳар томонлама ривожлантириш борасида олиб борилган ишлар муҳокама этилди. Шунингдек, келгусидаги режалар хусусида атрофлича сўз юритилди.
“Янги Ўзбекистон” университетида тантанали руҳда ўтказилган ушбу тадбир доирасида вазирлик муассислигидаги босма нашрлар – “Маърифат” – “Учитель Узбекистана”, “Тонг юлдузи”, “Класс!» газеталари, “Халқ таълими”, “Тил ва адабиёт таълими” – “ Преподавание языка и литературы ” – “Language and literature teaching”, “Бошланғич таълим”, “Гулхан”, “Ғунча” журналлари таҳририятларига ноутбук ва фотоаппарат жамланмалари тақдим этилди.
Жорий йилда фаол ва самарали меҳнат қилган вазирлик ҳамда тизим ходимлари Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг фахрий ёрлиқлари билан тақдирланди.
Н.Усмонова, ЎзА