Таълим – тараққиётнинг асосидир
Аввал хабар берганимиздек, Тошкент шаҳридаги Президент мактабида қатор хорижий давлатларнинг Ўзбекистондаги элчилари ва халқаро ташкилотлар вакиллари билан таълим жараёнлари ҳамда яратилган шарт-шароитларни яқиндан таништириш мақсадида учрашув бўлиб ўтди.
Ушбу тадбир Президент таълим муассасалари агентлиги томонидан ташкил қилинди. Унда Германия, Ҳиндистон, Швейцария, Туркия, Латвия, Италия ва Корея давлатлари элчилари ҳамда KOICA, ЮНИСЕФ вa ЮНЕСКО ташкилоти раҳбарлари иштирок этиб, ўқувчиларнинг билим ва салоҳиятини кузатди.
Шу ўринда ЎзА мухбири тадбир иштирокчиларининг фикр-мулоҳазаларини ёзиб олди.
Александрос Макаригакис, ЮНЕСКОнинг Тошкентдаги ваколатхонаси раҳбари:
– Президент мактабидаги биринчи ташрифим чин маънода эсда қоларли бўлди. Мактабдаги ўқитиш тизими халқаро стандартларга мос ташкил этилганига гувоҳ бўлдим. Ушбу таълим муассасаси иқтидорли ўғил-қизларга олий мақсадлар йўлидаги парвоз майдони бўлиши шубҳасиз. Хусусан, ўқувчиларни мантиқий фикрлашига қаратилган дарслар ташкил этилгани бу ўринда жуда аҳамиятли. Шу билан бирга, математикани чуқурлаштириб ўқитилиши, ушбу фанга қизиқишни янада рағбатлантирилиши мени қувонтирди. Умуман олганда, Президент мактабининг замонавий касбларга йўналгани ва халқаро тажрибага асослангани ушбу мактабнинг ўзига хос жиҳатларидан бири ҳисобланади.
Мунир Мамедзаде, ЮНИCЕФ ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари:
– Бундай юксак даражадаги мактабларнинг нафақат мамлакат пойтахтида, балки барча ҳудудлар марказида ташкил этилиши қувонарли ҳодисадир. Мактабда энг аввало, қурилиш, жиҳозлаш, ўқитиш, ўқиш учун шарт-шароитлар давр талабига мувофиқ, мукаммал амалга оширилган. Бу ердаги таълим сифати эса ўқувчиларга бугунги бозорда қадрланадиган касб эгалари бўлиб етишишларига ёрдам беради. Президент мактабларининг хусусий шаклда бўлмай, балки давлат томонидан қўллаб-қувватланиши алоҳида аҳамиятга эга. Президент мактаблари тажрибасининг кейинчалик мамлакатдаги барча мактабларга жорий этилиши кўзда тутилган. Мен бугунги ташрифимдан жуда катта таассурот олдим. Умид қиламан-ки, бу турдаги мактабларда таҳсил олувчилар янги-янги муваффақиятларни қўлга киритишда давом этади.
Др. Тило Кленер, Германиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси:
– Президент мактаблари фаолияти ниҳоятда муҳим лойиҳа ва мен бугунги ташрифим давомида мактабдаги таълим тизими, имкониятлари ҳақиқатда юқори даражада эканига амин бўлдим.
Шунингдек, “Янги Ўзбекистон” университети Германиянинг энг нуфузли таълим муассасаларидан бири бўлган Мюнхен техника университети билан ҳамкорликда иш олиб боради. Аниқ айта оламан-ки, бу университет нафақат Ўзбекистон ёшлари учун ўзига хос имконият, балки икки давлатнинг дўстона ҳамкорлиги намунаси ҳамдир. Ушбу ҳамкорликдан умидимиз катта!
Константин Оболенский, Швейцариянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси:
– Президент мактаблари иқтидорли ўқувчилари ва чиройли биноси билан менда алоҳида таассурот қолдирди. Таълим – тараққиётнинг асосидир. Бугунги кунда илмга асосланган таълим билан бир қаторда техник таълим ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Зеро, ҳар бир жамият замонавий технологияларга ва яхши кадрларга, бу борада эса шубҳасиз сифатли таълимга эҳтиёж сезади. Швейцария мазкур соҳада Ўзбекистон билан ҳамкорлик алоқаларига эга. Ҳудудларда ҳам Президент мактабларининг ташкил этилиши, биринчи навбатда халққа – одамларга яқинроқ бориш ва бутун мамлакат бўйлаб истеъдодларни топишга ёрдам беради".
Маниш Прабҳат, Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси:
– Президент мактабидаги шарт-шароитлар ва замонавий жиҳозланган синфхоналар менда алоҳида таассурот уйғотди. Бироқ, мени ҳайратга солгани – бу айниқса, ушбу мактаб ўқувчилари бўлди. Уларнинг билим-салоҳияти, ўзига ишончи ва фикрини аниқ тушунтира олиш маҳорати мазкур мактабда олиб борилган таълим тизимининг ниҳоятда тўғри ташкил этилганини кўрсатади. Ўзбекистондаги Президент мактабларини Республикадаги энг намунавий билим даргоҳларидан бири, деб ишонч билан айта оламан.
Др. Олган Бекар, Туркиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси:
– Президент мактаблари жуда яхши лойиҳа. Мазкур таълим даргоҳи юртингиздаги иқтидорларни кашф этишда ҳамда уларни жамият тараққиёти учун фойдали кадрлар қилиб етиштиришда муҳим роль ўйнайди. Биз ҳам Ўзбекистоннинг таълим соҳасидаги лойиҳаларини қўллаб-қувватлаган ҳолда, келажакда бу борада икки томонлама лойиҳалар ишлаб чиқишга алоҳида аҳамият берамиз. Aйтиш мумкинки, бу мактаб менда чуқур таассурот қолдирди. Мен бу мактаблар лойиҳасига меҳнати сингган жамоага алоҳида ташаккур изҳор этмоқчиман.
Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ, ЎзА