Таълим соҳаси фидойилари тақдирланди
1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни
Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан юқори малакали кадрларни тайёрлаш, жисмоний ва маънавий жиҳатдан баркамол авлодни шакллантириш, ёшларимизни ватанпарварлик, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида буюк аждодларимизга муносиб ворислар этиб тарбиялаш борасидаги ибратли фаолияти, ижтимоий ҳаётдаги фаол иштироки учун бир гуруҳ ватандошларимиз Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони ва Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиумининг қарорига мувофиқ фахрий унвонлар, орден ва медаллар, кўкрак нишонлари билан тақдирланди.
[gallery-4122]
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида мазкур мукофотларни топшириш маросими бўлди.
Тантанали тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Камалов йиғилганларни 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан муборакбод этди.
Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбари томонидан таълим соҳасига алоҳида эътибор қаратилиб, кенг кӯламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Аҳамиятли томони, ўқитувчилар ва мураббийлар ҳамиша Президентимиз ва давлатимиз эътиборида бўлиб келмоқда. Байрам муносабати билан бир гуруҳ ватандошларимиз юртимизнинг юксак мукофотларини олишга муяссар бўлгани ана шу эътибор ва ғамхўрликнинг бир кўринишидир.
Тадбирда мазкур фахрий унвонлар, орден ва медаллар ҳамда кўкрак нишонлари ӯз эгаларига тантанали равишда топширилди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА