Таълим муассасалари – “Учинчи ренесанс” пойдевори
Президентимиз томонидан таълим-тарбия тизимини такомиллаштириш масалалари бўйича ўтказилган навбатдаги видеоселектор йиғилишида халқ таълими соҳасидаги муаммолар кўтарилди. Халқ таълими соҳасини тубдан ўзгартириш, ўқитувчига эътибор ҳамда қўйилган талаблар, келажакда юрт равнақи, ривожи улар қўлида эканлигидан далолатдир.
Инсонни йўқликдан борлик сари элтувчи, йўлчи юлдуз каби келажак сари етакловчи устозларни улуғлаш шараф. Улар борки, кўнгил маҳзани покланиб, онгу шууримиз сайқалланиб боради. “Энг катта мерос бу тарбияланганликдир”, – дейди донишмандларимиз. Инчунин, ёшларга яхшилик ўргатувчи, таълим-тарбия берувчи бу муаллим. Бу шарафга фарзандларимизга илк ҳарфни танитган мураббийлардан тортиб, фан докторлиги илмий ишларига раҳбарлик қилаётган устозлар, илмий кашфиётларни бошқараётган зиёлиларгача муносиб.
Шу сабабдан, муаллимларга, зиёлиларга, илмлиларга бўлган шарт-шароитларни янада тўлақонли даражада таъминлаш, обрўсини юқори даражага кўтариш, илмий-тадқиқот институтларини кўпайтириш, малакали, тажрибали, кадрларни тайёрлаш долзарб масалардан бири эканлиги видеоселекторда яна бир бор таъкидланди. Бу борада Президентимиз уларни улуғлаб: “Ўзбекистонда адолат нуқтаи назаридан, иқтисодиёт нуқтаи назаридан, маънавият нуқтаи назаридан, маърифат нуқтаи назаридан ишонган кучим муаллимлар, зиёлилар”, – деганида ҳам қанчадан қанча маъно мужассам эди.
Дарҳақиқат, ҳар қандай давлатнинг равнақида иқтисодиёт, маданият, маърифат етакчилик қилар экан, бу эса, бевосита, келажак пойдевори бўлган ёшларнинг етук салоҳиятли бўлиши кераклигига ундайди. Шу сабаб ҳамма ислоҳотларнинг асосида мактаб туриши, бу муҳим вазифада ҳеч қим беэътибор бўлмаслиги, лоқайдликка йўл қўйилмаслиги давлатимиз раҳбари томонидан бот-бот такрорланди.
Чунончи, мактаб вояга етаётган авлод тафаккурини шакллантириш устахонасидир. Агар келажакни қўлдан чиқаришни истамасак, мактабни қўлда мустаҳкам тутмоғимиз лозим. Чунки мактаб ёшларга билим асосларини бериши, уларнинг дунёқарашини янада гўзаллаштириши, ватанпарвар, ўқимишли кишилар қилиб тарбияламоғи лозим. Шундай экан, бу масъулиятли вазифа фақатгина мактаб ва ўқитувчиларга боғлиқ эмас, аксинча, юрбошимиз таъкидлаганларидек: “Агар кимда ким мактаб бу фақат Халқ таълими вазирининг иши деб ўйласа адашади, бу мутлоқо нотўғри фикр”, – дея таъкидлагани ҳам масъулиятсизликка йўл қўймаслик кераклигига ишорадир. Мактабдаги ҳар бир илм ислоҳоти нафақат оила, маҳалла, халқ таълими, ёшлар ташкилотлари нигоҳида, балки, давлат назоратида эканлиги ҳар бир ўқитувчи, ҳар бир зиёлига бўлган ишонч ва қатъий талабдир.
Негаки, мактаб илм даргоҳи, маърифат маскани экан, бу ерда ҳеч қандай жиноят, ҳеч қандай ахлоқсизлик, тарбиясизлик ва илмсизлик бўлмаслиги лозим. Юртбошимиз томонидан устоз-мураббийларга фарзандларимизни билимли, тарбияли, маданиятли, маърифатли инсон қилиб тарбиялаш вазифаси юклатилганлиги, уларни “Учинчи Ренесанс” пойдевори қилиб кўрсатиши, ўқитувчиларнинг янада изланиши, салоҳиятини ошириши, иймони бут, иродаси мустаҳкам, виждони пок, Ватанни чин дилдан севадиган инсонлар бўлиши талаб этилади.
Мактабларнинг асосий вазифаси муайян билимларни беришдангина иборат эмас, балки бу билимларнинг жонли ҳаёт билан чамбарчас боғлиқлиги ва улар қай тарзда шу ҳаётни ўзгартира олишини кўрсатишидадир.
Ёш авлодни билимли, теран фикрли, тафаккур булоғидан сув ичирмасдан туриб, келажакни тасаввур этиш мумкин эмас. Шу сабаб ҳам ҳар қандай таълим ва тарбияда энг асосий нарса муаллим, унинг тафаккур дунёсидир. Ҳар бир болага берилаётган тарбияда бутун иш бевосита тарбиячининг ким эканлигига боғлиқ. Ҳолбуки, таълим бераётганлар ҳақли равишда ўқитувчилар деб аталади, аммо ўқитаётганларнинг ҳар бири ҳам бу номга лойиқ бўла олмаслиги аянчлидир. Зеро, ёмон тарбия кўрган болани қайта тарбиялашдан оғирроқ нарса йўқ. Шу сабаб ҳам, таълим-тарбия берувчининг ўзи бунга муносиб бўлмоғи лозим. Илло, ҳақиқий таълим одамни одамийликка тайёрлашдир.
Агар ўқувчиларда ташаббускорлик ва фаоллик ривожланмас экан, ҳар қандай билим жонсиздир, ўқувчиларни нафақат фикрлашга, ўз мақсадлари сари интилишга ҳам ўргатмоқ керак. Ҳар бир ёш қалбни ўзига хос шакллантириш, унда адолат туйғусини жонлантириш малакали педагоглар салоҳиятини янада кўрсатиб беради. Чунки ўқитувчи энг масъул вазифани адо этади, яъни ватанпарвар инсонни шакллантиради. Минглаб, миллионлаб қалб боғига боғбонлик қилади. Зеро, маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлоний айтганидек: “Фикрнинг қуввати, зийнати, кенглиги муаллим тарбиясига боғлиқдир!”
Жамшид ХОДЖАЕВ,
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенати аъзоси