Таълим масканларида яшил майдонлар кўпаймоқда
Мамлакатимизда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида долзарб 40 кунлик эълон қилиниб, 20 октябрдан 1 декабргача 75 миллион туп мевали ва манзарали кўчатлар экиш вазифаси қўйилди.
Шу асосда Фарғона вилоятидаги барча профессионал таълим муассасаларининг бўш турган ер майдонлари, ариқ бўйлари, хонадон атрофлари ва йўл четларининг бир қарич ерини ҳам эътиборсиз қолдирмасдан самарали фойдаланиш бўйича чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Долзарб 40 кунликнинг ҳар бир кунини ғанимат билган ҳолда яшил майдонларни кенгайтириш ишларига киришилди. Қува тумани касб-ҳунар мактабида бошқарма бошлиғи Тўйчибой Бойматов раҳбарлигида кўчат экиш ишлари бошлаб берилди. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида вилоятдаги профессионал таълим муассасаларига 300 мингдан ортиқ турли навли арчалар, павлония, каштан каби манзарали ва мевали дарахт ниҳоллари, қаламчалар экиш мақсад қилиб олинди. Асосийси, экиладиган кўчатларни саралаб, ер майдонларини етарлича юмшатиш ва сифатли ўтқазишга эътибор қаратилиши таъкидланди.

Эътиборли жиҳати, сўнгги йилларда аксарият таълим масканларида кўчат етиштириш йўлга қўйилди. Бу эса ёшлар ўртасида экологик маданиятни тарғиб қилиш билан бирга, кўчатларни парваришлаш борасида дастлабки кўникмаларни бериши билан катта ўрин тутмоқда.
М.Сулаймонов, ЎзА