Таълим масканларида кўчат экиш қизғин
Фарғона вилоятидаги барча профессионал таълим муассасаларида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Йўл четлари ва таълим муассасаларидаги бўш ер майдонларига турли кўчат ва қаламчалар экилмоқда, гуллар ўтқазилмоқда.
Фурқат туман касб-ҳунар мактабида 1 ва 2-сектор раҳбарлари иштирокида кўчат ўтқазиш маросими ташкил этилди. Таълим муассасаси ҳудудига лаванда, атиргул каби гуллар, шафтоли, бодом, гилос, олма каби мевали кўчатлар, 1000 туп терак ниҳоллари экилди. “Яхшидан боғ қолар” шиори остида ўтган тадбирда педагог ходимлар, касб таълими усталари фаоллик кўрсатишди.

– Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилаётган бу эзгу ташаббус замирида она табиатни асраб-авайлаш, аҳоли, хусусан, ёшларда ўсимлик дунёсига ҳурмат-эътиборни шакллантириш, келажак авлодлар учун беқиёс мерос қолдиришдек масъулият мужассам, – дейди вилоят Олий таълим, фан ва инновациялар бошқармаси бошлиғи Тўйчибой Бойматов. – Бугун катталарнинг кўчат ўтқазаётганини, гул экаётганини кўрган фарзандларимизда ҳам шундай фазилат шаклланади. Шу боисдан лойиҳа доирасидаги барча чора-тадбирларга ҳавас, орзу-истак, иштиёқ билан ёндашиш талаб этилади. Президентимиз таъкидлаганидек, “Яшил макон” – виждонимиз, бўлажак ҳаётимиз, фарзандларимиз олдидаги масъулиятимиздир.

Шу куни мазкур касб-ҳунар мактабида 20 минг туп райҳон кўчати етиштиришни режа қилган ҳолда плёнка остига қора райҳон уруғи сепилди. Яхши парвариш қилинса, тумандаги катта йўл ёқалари, ижтимоий объектлар атрофига экиш учун райҳон кўчатлари етказиб берилади.
– Касб-ҳунар мактабимизда боғдорчилик ва деҳқончилик ишларига азалдан эътибор қаратиб келинади. Мисол учун, ўтган йили 5 минг дона терак ва ток қаламчаси етиштирдик. 5 миллион сўмлик узум мевасини сотдик. 15 сотих майдондаги иссиқхонамизда гулчиликни ҳам йўлга қўймоқчимиз, – дейди таълим муассасаси директори Шаҳзода Абдуллаева. – Бу йил умуммиллий лойиҳа доирасида 50 туп лаванда, 2000 туп атиргул, 30 туп шафтоли, 100 туп бодом ва 1000 туп терак кўчати экяпмиз. Кун келиб манзарали дарахтлар соя-салқинидан, мевали дарахтлар ҳосилидан ёшларимиз баҳраманд бўлишади, ҳаво ҳам мусаффо бўлади, юртимиз янада кўркамлашади. Шунинг учун ҳам мактабимиз жамоаси бу ишга астойдил киришган. Ахир, халқимиз бежиз “Яхшидан боғ қолар...” деб айтмаган-ку.
Вилоятдаги барча корхонава ташкилотлар, таълим муассасалари, маҳаллаларда “Яшил макон” лойиҳаси доирасидаги ишлар кўтаринки кайфиятда давом этмоқда.
М.Сулаймонов,
ЎзА мухбири