Таълим масканининг янги биноси
Наманган тумани Навбаҳор шаҳарчасидаги 30-умумтаълим мактабининг янги биноси фойдаланишга топширилди.
Наманган тумани Навбаҳор шаҳарчасидаги 30-умумтаълим мактабининг янги биноси фойдаланишга топширилди.Президентимиз раҳнамолигида таълим тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида навқирон авлодимизнинг ҳеч кимдан кам бўлмаган шароитларда униб-улғайиши учун замонавий таълим муассасалари, спорт, мусиқа ва санъат иншоотлари барпо этиш, уларни зарур жиҳозлар билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Қурилиш-монтаж ишларига 1 миллиард 400 миллион сўмдан зиёд маблағ сарфланган мактабнинг икки қаватли кўркам биноси қурилиши “Муродил вақт инвест” масъулияти чекланган жамияти томонидан амалга оширилди.
– Мактабда 420 нафар ўқувчининг замонавий таълим олиши учун барча зарур шароит яратилган, – дейди Наманган тумани халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими мудири Дилбархон Ҳошимова. – Фанлар бўйича тегишли ўқув-лаборатория, спорт жиҳозлари билан таъминланган синф хоналари, спорт зали ёшларнинг пухта билим олиши, жисмонан тобланиши, бир сўз билан айтганда, ҳар томонлама баркамол улғайишига хизмат қилади.
Бу ерда яратилган шарт-шароитлардан ота-оналар ҳам ғоят мамнун.
– Мактабнинг янги биноси замонавий андозалар асосида қурилган, – дейди Муяссар Сатторова. – Кенг ва ёруғ синф хоналари, спорт зали ва майдончаси ҳар қандай кишининг ҳавасини келтиради. Фарзандларимизга кўрсатилаётган улкан эътибор ва уларнинг порлоқ келажагини таъминлаш йўлида яратилаётган бундай имкониятлар учун барча ота-оналар давлатимиз раҳбаридан миннатдор.