Таълим масканидан ишлаб чиқаришга
Наманган шаҳридаги Президент мактаби юқори синф ўқувчилари ва уларнинг мураббийлари ўзаро ҳамкорлик келишуви доирасида Тўрақўрғон Иссиқлик электр станцияси билан яқиндан танишди.

Президент таълим муассасалари агентлиги тасарруфидаги мазкур ўқув даргоҳининг фаолияти юқори малакали мутахассисларни тайёрлашга кўмаклашиш мақсадида иқтидорли ўғил-қизларни аниқлаш ва ўқитишдан иборат. Таълим жараёни табиий ва аниқ фанлар, хорижий тиллар, муҳандислик ва ахборот технологиялари йўналишларини ўз ичига олиб, асосий фанлар инглиз тилида олиб борилади. “STEAM” дастури асосида олиб бориладиган фанлар учун мактабда махсус жиҳозланган замонавий ўқув хоналари яратилган бўлиб, уларда назарий билимларни амалда мустаҳкамлаш учун сўнгги русумдаги компьютерлар, ускуналар ва смартбоардлар мавжуд.

Станциянинг малакали ходимлари иштирокида ўтказилган танишув давомида иқтидорли ёшларга энергетиканинг кундалик ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамияти, станция қурилиши тарихи ҳамда йирик корхонанинг техник-иқтисодий имкониятлари, электр энергияси ишлаб чиқариш технологияси тўғрисида атрофлича маълумот берилди. Мулоқот давомида ўқувчилар ва мураббийларни қизиқтирган масалалар бўйича саволларга жавоблар қайтарилди.
Оқилхон Дадабоев,
ЎзА