Таълим кластерларини ташкил қилиш – замон талаби
Муносабат
Юртбошимизнинг мактабгача, умумий ўрта таълим ва малака ошириш тизимида ягона узвий занжирни йўлга қўйиш учун педагогик таълим кластерларини ташкил қилиш тўғрисидаги кўрсатмаси Бухоро давлат педагогика институти профессор ўқитувчилари учун юксак ишонч ва ифтихор туйғусини янада оширди.
Ҳозирда, дунё миқёсида манфаатлар кураши, рақобат тобора авж олиб, халқаро вазият кескинлашиб бормоқда. Биз келажак учун амалий режалар тузар эканмиз, халқаро майдондаги мураккаб вазиятни ҳисобга олган ҳолда, тараққиётимизнинг устувор йўналишларини аниқ-равшан белгилаб олишимиз зарур.

Миллатимиз фарзандларининг дунё миқёсида замонавий билим ва кўникмаларини шакллантириш муқаддас бурч ҳисобланади. Ёшларимизга муносиб таълим бериш, уларнинг илм-фанга бўлган интилишларини рўёбга чиқариш бугунги замон педагогларига жиддий масъулиятни юклайди. Шу мақсадда мактабгача таълим тизимини ривожлантиришимиз, ўрта ва олий ўқув юртларининг моддий-техник базасини, илмий ва ўқув жараёнлари сифатини тубдан яхшилаш имкониятини таълим кластерлари яратади, албатта.
Жамиятимизда амалга оширилаётган ҳар бир ислоҳот халқимизнинг маънавий онги ва маданияти асосида амалга ошади. Шу боис ёшларимиз ўртасида маънавий тарбияни кенг йўлга қўйишимиз лозим. Кўзлаган мақсадимиз қанчалик юксак ва машаққатли бўлмасин, уларга етиш учун барча имкониятларимиз мавжуд. Аждодларимизнинг маънавий мероси, халқимизнинг илмий ва бунёдкорлик салоҳияти ҳамда фидоийлик фазилати бизга бу йўлда беқиёс куч-қудрат манбаи бўлиб хизмат қилади.
Биз фарзандларимизнинг ёруғ келажагини таъминлаш учун бундан буён ҳам бир тану жон бўлиб, бор салоҳият, билим ва тажрибамизни сафарбар этишга тайёрмиз.
Ҳамза ҲАЙИТОВ,
Бухоро давлат педагогика институти профессори,
филология фанлари доктори.