Таълим иштирокчиларини психологик қўллаб-қувватлашда рақамли технологиялардан фойдаланиш имкониятлари
Таълимни ривожлантириш республика илмий-методик маркази томонидан жорий йилнинг “Таълим иштирокчиларини психологик қўллаб-қувватлашда рақамли технологиялардан фойдаланиш” мавзусида семинар ташкил этилди.
Семинарда пойтахтдаги мактабгача ва умумий ўрта таълим муассасаларининг психологлари, туман (шаҳар) таълим бўлимларидан масъул мутахассислар ҳамда соҳага ихтисослашган 60 нафардан ортиқ мутахассислар иштирок этди.

Семинарнинг кириш қисмида Таълимни ривожлантириш маркази бошқарма бошлиғи Шаҳзодбек Қурбонниёзов рақамли воситалардан фойдаланиш орқали ўқитувчилар ва психологларнинг амалий фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш зарурлигини таъкидлади.

Шундан сўнг, Таълим соҳасидаги норматив ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш бошқармаси бошлиғи Меҳринисо Пардаева “Таълим иштирокчиларини психологик қўллаб-қувватлаш бўйича ишлаб чиқилган ресурсларнинг мазмун-моҳияти” мавзусида маъруза қилди.

Семинарнинг навбатдаги қисмида Ахборот технологияларини жорий этиш ва таълим жараёнларини рақамлаштириш бўлими бошлиғи Алишер Маматов “Ягона рақамли таълим ресурслари ва хизматлари” портали орқали психологик қўллаб-қувватлашга оид ресурслардан фойдаланиш имкониятлари ҳақида маълумот берди.

Таъкидлаш лозим, Таълимни ривожлантириш республика илмий-методик маркази томонидан “Психологик ёрдам” платформаси ишга туширилган бўлиб, қуйидаги йўналишларда хизмат кўрсатади:
– Интерфаол тестлар ва ўқув дастурлари орқали психологлар ва ўқитувчиларнинг амалий малакасини ошириш;
– Психологик сценарийлар ёрдамида ўқувчиларнинг руҳий саломатлигини баҳолаш ва қўллаб-қувватлаш;
– Электрон кутубхона ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар базаси орқали методик ресурсларга эркин кириш;
– Симуляция ва амалий кейслар орқали реал вазиятларни моделлаштириш имконияти.
Портал хорижий тажрибалар асосида ишлаб чиқилган бўлиб, йирик рақамли таълим платформаларининг илғор тажрибалари ўрганилган ва мослаштирилган.

Бундан ташқари, платформада мактабгача таълим иштирокчилари (тарбиячилар, психологлар ва ота-оналар) ва умумий ўрта таълим иштирокчилари (ўқитувчилар, психологлар ва ота-оналар) учун 170 дан ортиқ турли форматдаги фойдали рақамли ресурслар ишлаб чиқилган.
Бу ресурслар орқали педагог ва психологлар ўз фаолиятини янада самарали ташкил этиш, ўқувчилар билан ишлашда рақамли воситалардан кенг фойдаланиш имкониятига эга бўладилар.
Шунингдек, платформанинг “Психологик қўллаб-қувватлашга оид ресурслар” бўлимида болалар учун нейрогимнастика машғулотлари, ақлий ва когнитив ривожланишни қўллаб-қувватловчи материаллар жамланган.
Тадбир давомида иштирокчилар ҳам соҳага доир ўз тажрибалари билан ўртоқлашдилар. Бундан ташқари, психологик қўллаб-қувватлаш тизимини рақамли воситалар орқали янада самарали ташкил этиш бўйича таклифлар билдирилди. Семинар якунида олинган тавсиялар асосида методик қўлланмалар ва рақамли ресурслардан фойдаланиш бўйича амалий йўриқномалар ишлаб чиқилиши белгиланди.
Бундай тадбирлар ўқитувчи ва психологларнинг рақамли компетенцияларини ривожлантириш, уларнинг касбий фаолиятини замонавий ахборот технологиялари асосида такомиллаштириш ҳамда ўқувчиларнинг руҳий саломатлигини қўллаб-қувватлаш тизимини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Дилдора ДЎСМАТОВА,
ЎзА