Таълим фидойиларига эҳтиром кўрсатилди
Қуйи Чирчиқ туманидаги “Беруний” маданият саройида 1-октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан “Янги Ўзбекистон таянчи – сиз, азиз устозлар!” мавзусида маданий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Тошкент вилояти Кенгаши, Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда ҳудуддаги мактаблар, мактабгача таълим ташкилотлари, олий ва ўрта махсус таълим муассасаларида фаолият юритаётган фидойи ўқитувчилар, тарбиячилар, профессор-ўқитувчилар, соҳага дахлдор ташкилотлар вакиллари ва фахрий педагоглар иштирок этди.

Тадбирда Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Тошкент вилояти Кенгаши раиси С.Файзиева барча устоз-мураббийларни касб байрами билан самимий муборакбод этди. Таъкидланганидек, давлатимиз томонидан сўнгги йиллар таълим соҳасида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар, ёшларга сифатли таълим бериш учун яратилаётган қулай шароитлар, педагогларнинг меҳнатига берилаётган юксак эътибор ва рағбат ўз натижасини бермоқда.

Шунингдек, Президентимизнинг БМТ бош Ассамблеяси 80-сессиясида сўзлаган нутқининг мазмун-моҳияти, сессия доирасида ўтказилган тадбирлар ҳамда халқаро учрашувлардаги иштирокининг аҳамияти хусусида фикр-мулоҳазалар айтилди. Байрам тадбири доирасида таълим тизимида самарали фаолият юритиб келаётган 85 нафар илғор педагог ва соҳа ходимлари ташаккурномалар ҳамда қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Шунингдек, 24 нафар ўқитувчи ва мураббийларга “Кўҳинур” ҳамда “Умид гулшани” санаторийларига бепул йўлланмалар топширилди. Байрам тантанаси давомида маънавий-маърифий чиқишлар, мусиқий дастурлар, ёш ижодкорлар ва санъаткорларнинг чиқишлари иштирокчиларга байрамона кайфият улашди.
А.Мусаев, ЎзА.