Талибарзуи поёнда раис сайланди
Жорий йилнинг май-июль ойларида юртимизда маҳалла фуқоралар йиғинлари сайлови ўтказилмоқда.
Бу йилги сайловлар маҳалланинг жамиятдаги ўрни ва нуфузи ошган, тизимга оид қонунчилик такомиллашган пайтда ўтаётгани билан аҳамиятли бўлмоқда. Эндиликда маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари беш йил муддатга сайланади ва улар “маҳалла еттилиги”га бош бўлиб, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, инфратузилмани яхшилаш учун ҳаракат қилади.
Самарқанд вилоятидаги маҳаллаларда ҳам 1 май кунидан сайлов жараёнлари бошланди. Вилоятнинг барча туман ва шаҳаридаги биттадан маҳаллада сайлов жараёнлари намунали ташкил этилди. Унда шу маҳалла вакиллари билан бирга ҳудуддаги бошқа маҳаллалар ишчи гуруҳлари раҳбарлари ҳам қатнашди.
[gallery-23125]
Жумладан, Самарқанд туманидаги энг йирик маҳаллалардан бири, 6100 нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилаётган Талибарзуи поёнда ўтказилган сайловда сайловчиларнинг 356 нафар вакили иштирок этди.
Маҳалла раислигига кўрсатилган уч нафар номзод ўз дастури, мақсад ва режаларини баён қилди.
Шундан сўнг вакиллар номзод учун яширин овоз беришда қатнашди ва сайловчиларнинг энг кўп овозини олган амалдаги раис Санъат Баҳронов Талибарзуи поён маҳалла фуқаролар йиғини раиси этиб сайланди.
Сайлов жараёнларини туман кўмаклашувчи комиссияси ва 73 маҳалладаги ишчи гуруҳлар раҳбарлари ҳам кузатиб борди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари