"Талабаликка бағишлов – 2026": унутилмас лаҳзалар ва ҳаяжонли дамлар
Пойтахтимиздаги “Халқлар дўстлиги” санъат саройи… Залга кириб борар экансиз, юракни шундай бир ҳаяжон қамраб оладики, бу инсон умрини асраб қолишдек масъулиятли ҳаёт сари қўйилаётган илк қадамлар эканини ҳис қиласиз. 500 дан ортиқ ёш йигит-қизларнинг юзларидаги табассум, гулдурос қарсаклар бутун залнинг нафасини бирлаштириб юборгандек гўё.
Тошкент давлат тиббиёт университетининг 1-босқичига ўқишга қабул қилинган йигит-қизлар учун “Талабаликка бағишлов – 2026” ҳамда "1 октябрь – Устоз ва мураббийлар куни" муносабати билан ташкил этилган тантанали тадбирда соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари О.Имомов, олий ўқув юрти ректори Ш.Боймуродов бошчилигидаги университет профессор-ўқитувчилари, турли соҳа масъуллари, талаба-ёшлар ҳамда уларнинг ота-оналари иштирок этди.

Сўзга чиққанлар муҳташам саройга йиғилган йигит-қизларни талабаликка қабул қилингани билан муборакбод этиб, шифокор бўлишдек шарафли ва масъулиятли йўлда астойдил билим олишга, замонавий тиббиёт ютуқларини пухта эгаллашга чақирди.
Тадбирда университетнинг 1-босқичига ўқишга қабул қилинган талабаларнинг тантанали “Талабалик қасамёди” маросими бўлиб ўтди. Унда 5000 нафарга яқин ёшлар пухта билим олишга, халқ саломатлиги йўлида ҳалол ва фидойи бўлишга қасамёд қилди.

– Тиббиёт олийгоҳига кириш осон бўлмади. Неча йиллар давомида тинимсиз меҳнатларим, ўқиб-ўрганганларим самара берди, уйқусиз тунларим ортда қолди, – деди Тошкент давлат тиббиёт университетининг 2-сон даволаш факультети 1-курс талабаси Ясмина Умарова. – Бугун энг катта орзуим амалга ошди: шифокор бўлиш йўлида қасамёд қилаётганимни англаш мен учун улкан бахт ва фахрдир.
– Университетда ўқиётганимизга ҳали кўп бўлмаган бўлса-да, бу ернинг ўзига хос илиқ муҳитини ҳис қиляпман, кучли билимга эга устозлардан таълим олиш имконияти борлигидан мамнунман, – деди биринчи курс талабаси Даниял Абдуваитов. – Бугунги “Талабаликка бағишлов” маросими ҳаётимдаги энг ёрқин ва унутилмас воқеалардан бири бўлиб қолди. Бу, янги ҳаёт ва катта масъулиятли ҳаётга қадам қўйганимизнинг тасдиғидир.

Талабаларнинг кўзларидаги қатъият ва ишончни кўриб, уларнинг эртага фидойи, чуқур билимли шифокорлар бўлиб етишишига асло шубҳа қилмайди.
Бугунги байрам сочларига оқ оралаган ва навқирон устозлар, профессору ўқитувчилар учун ҳам энг унутилмас воқеага айланди. Яқинлашиб келаётган “1 октябрь – Устоз ва мураббийлар куни” муносабати билан узоқ йиллар давомида тиббиёт соҳасига жон фидо қилган 150 нафар фахрий устозлар саҳнага таклиф қилиниб, уларга эҳтиром кўрсатилди.

Санъаткорлар иштирокидаги концерт дастури тадбир иштирокчиларига янада кўтаринки кайфият бағишлади.

Тадбирдан қайтар эканман, кузнинг салқин шабадаси юзга уради, аммо қалбдаги илиқлик, ёшларнинг жўр бўлиб айтган қасамёди ҳамон қулоғим остида янграб туради. Ота-оналари, устозлари ва яқинлари олдида қасамёд қабул қилган фариштамисол бу йигит-қизлар нафақат миллий тиббиётимизнинг келажаги, балки юзлаб инсонларнинг ҳаётини сақлаб қолувчи бўлажак қаҳрамонлардир.
Моҳигул Қосимова, ЎзА