Талабаларнинг ташаббус ва таклифлари қўллаб-қувватланмоқда
Андижон давлат университети ректори Бахтиёржон Акбаралиев “Ректор ва ёшлар учрашуви” доирасида битирувчи талабалар билан учрашиб, очиқ мулоқот ўтказди.
Талабаларнинг шахсий ва касбий салоҳиятини ривожлантириш, уларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида ташкил этилган мулоқотда битирувчи талабалар ўзларининг таклиф ва ташаббуслари билан фаол иштирок этди.

Дастлаб, ректор талабаларнинг нафақат билим олиши, балки ижтимоий, маданий ва спорт соҳаларидаги фаолиятини рағбатлантириш, ўқиш жараёнида юзага келадиган муаммоларни аниқлаш ва уларга самарали ечимлар топиш, шунингдек, талабалар ўртасида ҳамкорлик муҳитини шакллантириш, шу орқали уларнинг шахсий ҳамда касбий салоҳиятини янада юқори даражага кўтариш муҳимлигини алоҳида таъкидлади.

Мулоқот давомида талабалар ўқиш жараёнлари, мавжуд муаммолар, умуман, қатор масалалар юзасидан ўзларининг таклифларини билдирди. Жумладан, Филология факультети 3-босқич талабаси Нозимахон Воҳидова хорижий тилларни ўрганишга қизиқувчи ёшлар учун университетда ўқув курслари ташкил этиш таклифини билдирди. Ушбу ташаббус ректор томонидан қўллаб-қувватланди ва хорижий тилларни ўрганиш бўйича курс ташкил этишда масъулларга тегишли топшириқлар берилди.

– Амалиётни соҳамизга яқин ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш корхона ва ташкилотларида ўташ йўлга қўйилса, назарий билимларимизни мустаҳкамлаш, қолаверса, кейинчалик ишга жойлашиш имкониятларимиз янада ортар эди, – дейди Табиий фанлар факультети 3-босқич талабаси Маҳмудахон Бегижонова. – Шунинг учун университетимиз ҳамда ана шундай корхоналар ўртасида талабаларнинг амалиёт ўташи бўйича шартномалар тузилса, мақсадга мувофиқ бўларди.
Ректор ушбу таклиф бўйича ҳам келгусида зарур ишлар олиб борилишини айтиб ўтди.
Учрашув якунида ректор томонидан талабаларнинг муаммоларини ҳал қилиш, уларга қулай ўқув муҳитини яратиш, таклиф ва ташаббусларини амалга ошириш юзасидан чора-тадбирлар белгиланди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (фото),
ЎзА мухбирлари.