Талабаларнинг таклиф ва ташаббуслари тингланди
Наманган муҳандислик-қурилиш институтида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, парламентнинг аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси аъзоси Барно Мирзамова билан талабалар учрашув бўлиб ўтди.
Депутат Барно Мирзамова парламентнинг қуйи палатаси томонидан қонун ижодкорлиги борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида ўзи аъзо қўмита фаолияти мисолида батафсил тўхталди.

Учрашувда талабалар ўзларини қизиқтирган масалалар юзасидан мурожаат этди. Суҳбат давомида учрашув қатнашчилари томонидан бир қатор таклиф ва ташаббуслар ҳам келиб тушди. Жумладан, ёш фермер Дониёрбек Жакбаровнинг олдида турган мавжуд муаммолар шу жойнинг ўзида депутат томонидан назоратга олинди.

– Олий Мажлис депутати иштирокидаги мулоқот самимий ва қизғин руҳда кечди. Ҳар бир савол ва таклиф диққат билан тинглангани эътиборга молик. Ўз фаолиятим юзасидан депутатга икки таклифни илгари сурдим, – дейди Наманган муҳандислик-қурилиш институти иқтидорли талабалар бўлими ходими, “Беш ташаббус” лойиҳалари координатори Аҳмаджон Мухторжонов. – Хусусан, олийгоҳимизда “Китоб карвони” лойиҳасини йўлга қўйиш ва унга депутатнинг китобларни туҳфа қилиши ҳамда O’zLiDeP партияси билан ҳамкорликда “Депутат стипендияси”ни жорий эиш ҳақидаги таклиф қўллаб-қувватланганидан мамнун бўлдим.


Учрашув якунида, парламент вакили Барно Мирзамовага институт логотипи туширилган махсус совға ва олийгоҳ талабасининг “Юрагимдан ўтинг Ватанга” номли шеърий тўплами совға қилинди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.